Франция элчихонаси огоҳлантириш билан чиқди

Жамият

image

Франциянинг Ўзбекистондаги элчихонаси виза олиш учун ариза топшираётган фуқароларга мурожаат қилиб, виза жараёнидан ноқонуний даромад олишга қаратилган ҳар қандай уринишлар қатъиян ман этилишини маълум қилди.

Элчихона маълумотига кўра, жисмоний шахслар ёки компаниялар томонидан виза учун қабулга ёзилиш жараёнидан молиявий манфаат кўришга қаратилган ҳаракатларга нисбатан мунтазам текширувлар ўтказилмоқда. Фирибгарлик ҳолатлари аниқланган тақдирда, айбдорларга нисбатан санкциялар қўлланилади.

Шунингдек, фуқароларга TLS хизмат кўрсатувчи маркази томонидан расман белгиланган тўловлардан ташқари ҳеч қандай қўшимча маблағ тўламаслик тавсия этилган.

Элчихона Францияга сафарларни олдиндан режалаштиришни, бўш қабул саналари мавжуд бўлмаса, кейинроқ қайта уриниб кўришни тавсия қилган. Қайд этилишича, қабул учун янги саналар мунтазам равишда янгиланиб борилади.

Бундан ташқари, Францияда таҳсил олаётган ёки таҳсил олган ўзбекистонлик талабалар ҳамда фаолият юритаётган мутахассислар виза аризасини топширишда устуворликка эга бўлиши мумкин.

Элчихона барча аризачиларни адолатли ва самарали хизмат кўрсатишни таъминлаш мақсадида TLS маркази қоидалари ҳамда ходимлар кўрсатмаларига риоя қилишга чақирган.

Маълумот учун, Франциянинг Ўзбекистондаги элчиси Уалид Фук 11 март куни Тошкентда Францияга бориш учун виза аризаларини қабул қилувчи янги виза марказини тантанали равишда очган.

Эндиликда барча виза ҳужжатлари истисносиз TLSContact маркази орқали топширилиши керак бўлади. Илгари виза аризалари бевосита Франциянинг Ўзбекистондаги элчихонаси ҳузуридаги виза бўлими томонидан қабул қилинар эди. Эндиликда дипломатик миссия консуллиги ариза берувчиларни қабул қилмайди.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг