“Fitch Ratings” Ўзбекистоннинг суверен кредит рейтингини қайта баҳолади

Жамият

image

Жорий йилнинг 11 октябрида “Fitch Ratings” халқаро рейтинг агентлиги Ўзбекистон Республикаси суверен кредит рейтингига ўзининг навбатдаги шарҳини эълон қилди. Унга кўра, Ўзбекистоннинг суверен кредит рейтинги “ВВ-“ (“Барқарор”) даражасида қолдирилган. Бу ҳақда Ўзбекистон Молия вазирлиги Матбуот хизмати маълум қилди.

Ўзбекистон кредит рейтинги баҳоланишида унинг молиявий ҳолатининг мустаҳкамлиги, мўтадил даражадаги давлат қарзи, “BB-” рейтингига эга давлатларга нисбатан юқори иқтисодий ўсишга эгалиги инобатга олинган. Аммо жон бошига ялпи ички маҳсулотнинг (ЯИМ) нисбатан камлиги, институционал салоҳиятни ривожлантириш зарурияти ва нисбатан юқори инфляция даражаси рейтинг кўрсаткичи оширилишини “чекловчи” омиллар сифатида санаб ўтилмоқда.

Хусусан, Ўзбекистон Республикасининг Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси (ЎРТТЖ) пул маблағлари ва Ҳукумат депозитлари (ЯИМга нисбатан 10,4 фоиз), соф давлат қарзининг паст даражада эканлиги (2019 йил учун ЯИМга нисбатан -1,8 фоиз прогноз қилинмоқда), жаҳон молия бозорларидаги жорий ҳолат сабаб қулай фоиз ставкалари ва қайта молиялаштириш хатарининг пастлиги ижобий баҳоланган. 

Шу билан бирга, Ҳукуматнинг иқтисодий барқарорликни ошириш, жумладан, давлат бошқаруви ва институционал кўрсаткичларни яхшилаш ва давлат қарзининг кескин ошиб кетишини олдини олиш, шунингдек, пул-кредит ва солиқ-бюджет сиёсатларини мувофиқлаштиришга қаратилган сай-ҳаракатлари алоҳида қайд этилган.

Агентлик Ўзбекистонда олиб борилаётган давлат улушига эга корхоналар ислоҳотига тўхталиб, фискал ва молиявий хатарларни олдини олиш, рақобат муҳитини яхшилаш ва иқтисодиётнинг самарадорлигини оширишга қаратилган нархлар ва тарифлар либерализацияси, корпоратив бошқарувнинг яхшиланиши ва хусусийлаштириш жараёнларига урғу берган. 

“Fitch Ratings” томонидан таъкидланишича:

- доимийлик ва ишончлиликка асосланган давлат сиёсати орқали хатарларнинг камайтирилиши ва макроиқтисодий барқарорликнинг таъминланиши, таркибий кўрсаткичларнинг (жумладан, аҳоли жон бошига ЯИМ ва институционал омилларнинг) кутилганидан кўра тезроқ яхшиланиши ҳамда суверен баланснинг мустаҳкамланиши Ўзбекистоннинг кредит рейтингига ижобий таъсир этади;

- макроиқтисодий барқарорликка хавф туғдирувчи хатарларнинг ортиши, хусусан кредитлаш ҳажмининг ва давлат қарзининг ЯИМга нисбатан тез суъратларда ўсиши, хорижий валютадаги захира активларининг кескин камайиши Ўзбекистон кредит рейтингига салбий таъсир этиши мумкин.


Мақола муаллифи

Теглар

кредит рейтинги Fitch Ratings

Баҳолаганлар

6

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг