Филиппиндаги Майон вулқони фаоллашди

Олам

image

Бугун, 6 январь куни Филиппин вулқоншунослик ва сейсмология институти (Phivolcs) Майон вулқони бўйича огоҳлантириш даражасини беш босқичли шкалада учинчи даражага кўтарди. Бу магманинг вулқон ичида юқорига кўтарилиб, чўққида лава гумбазини ҳосил қилаётганини англатади. Бу ҳақда “The Straits Times” хабар берди.

Келтирилишича, Филиппиннинг марказий қисмида жойлашган Албай провинциясидаги Майон вулқонида яқин кунлар ёки ҳафталар ичида портловчи фаоллик эҳтимоли мавжуд. Шу сабабли аҳолидан вулқон атрофидаги 6 километрлик хавфли ҳудуддан ташқарида бўлиш сўралди.

Вулқоншунослик ва сейсмология институти 6 км радиусдаги тақиқланган зонада истиқомат қилувчиларни лава оқими, тошлар қулаши ва бошқа хавфлар туфайли эвакуация қилишга чақирган.

Шунингдек, институт Фуқаро авиацияси маъмуриятидан учувчиларга Майон вулқони чўққиси яқинида парвоз қилмаслик ҳақида огоҳлантириш беришни сўраган. Чунки тўсатдан отилиб чиққан кул самолётлар учун жиддий хавф туғдириши мумкин.
 
2026 йил 1 январидан буён Вулқоншунослик ва сейсмология институти 346 та тош қулаши ва 4 та вулқон зилзиласини қайд этган. 2025 йил ноябрь-декабрь ойларида эса 599 та тош қулаган. 
 
Маълумот ўрнида, Майон Филиппиндаги 22 та фаол вулқон орасида энг фаолларидан бири ҳисобланади. У сўнгги асрда 50 мартадан ортиқ отилган.

Вулқоннинг сўнгги магматик отилиши 2023 йил июнь ойида кузатилган бўлиб, ўшанда лава ва заҳарли газлар чиқарилган. Энг вайронкор отилиши эса 1841 йил февраль ойида содир бўлган: лава оқими бутун шаҳарни кўмиб юборган ва 1200 нафар инсон ҳалок бўлган.

Филиппин Тинч океани бўйлаб чўзилган вулқонлар камари “Олов ҳалқаси”да жойлашган бўлиб, бу ҳудудда вулқон отилишлари ва зилзилалар тез-тез содир бўлади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Эронда 710 минг йил давомида сўнган деб ҳисобланган Тафтан вулқони фаоллашгани ҳақида хабар берилганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Филиппин вулқон Майон

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг