710 минг йиллик “зомби” вулқон фаоллашди
Бу қизиқ
−
17 Октябрь 4953 2 дақиқа
Эронда 710 минг йил давомида сўнган деб ҳисобланган Тафтан вулқони фаоллашди. Бу ҳақдаги тадқиқот жорий йилнинг 7 октябрь куни “Advancing Earth and space sciences” журналида эълон қилинди.
Олимлар 710 минг йил давомида сўнган деб тахмин қилинган Эрон жануби-шарқидаги Тафтан вулқонида фаоллик белгиларини қайд этди. Тадқиқот шуни кўрсатганки, вулқон чўққиси 2023 йилдан 2024 йилгача атиги 10 ой ичида 3,5 дюймга кўтарилган.
Маълумотларга қараганда, вулқоннинг фаоллашиши чўққи остида иссиқ суюқлик ва газларнинг тўпланиши ёки магманинг ер юзасига чуқур кириб бориши билан боғлиқ бўлиши мумкин. 2024 йилда маҳаллий аҳоли тутун ва кул чиқиндиларини ҳам кузатган, бу эса вулқон фаоллигининг янгиланганидан далолат беради.
Тадқиқотнинг етакчи муаллифи, вулқонолог Пабло Гонсалес Тафтанни сўнган эмас, балки ҳаракатсиз вулқон, деб ҳисоблаш кераклигини таъкидлаган. Унинг сўзларига кўра, ерости босими кучайишда давом этмоқда ва келажакда кучсиздан сезиларлигача бўлган энергия чиқишига олиб келиши мумкин.
Олимларнинг фикрича, вулқоннинг тешиклари кунига тахминан 20 тонна олтингугурт диоксиди, сув буғи, водород сулфиди ва фторид водородини чиқаради. Тахминан 4000 метр баландликдаги вулқон Покистон билан чегарадош Систон ва Балужистон вилоятида жойлашган. Энг яқин йирик шаҳар Заҳедан тахминан 160 километр узоқликда жойлашган.
Гонсалеснинг сўзларига кўра, хавотирли рақамларга қарамай, ҳозирча ҳеч қандай портлаш аломатлари йўқ, балки Эрон расмийлари Тафтанни кузатишга кўпроқ эътибор қаратиши зарур.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Индонезияда юқори даражадаги хавфли вулқон отилган эди. Ушбу ҳодиса оролга бораётган ва ундан қайтаётган ўнлаб рейсларнинг бекор қилинишига сабаб бўлганди.
Моҳичеҳра Қадамова