Филиппинда кўчкилар 15 кишининг умрига зомин бўлди

Олам

image

Филиппиннинг жанубий қисмида юз берган кўчкилар оқибатида камида 15 киши ҳалок бўлди. Мутахассислар бу сўнгги ўн йилликдаги энг кучли бўронлардан бири бўлган “Бави” тайфуни келтириб чиқарган кўчкилар эканини айтмоқда. Бу ҳақда BBC хабар берди.

Қайд этилишича, Филиппиннинг Минданао оролида “Бави” тайфуни таъсирида кузатилган кучли ёмғирлар сабаб юз берган кўчкилар вақтида айрим оилалар тупроқ остида қолган. Қутқарувчилар бедарак йўқолганларни излаш ишларини давом эттирмоқда.

Айни вақтда “Бави” тайфуни Тинч океани орқали Тайван томон ҳаракатланмоқда. Тайфуннинг кенглиги қарийб 1000 километрни ташкил этиб, бу Франция ҳудудининг кенглигига тенг дегани.

Прогнозларга кўра, бўрон Тайваннинг шимолий ва шарқий ҳудудлари, Япониянинг айрим ороллари ҳамда кейинчалик Хитойнинг жануби-шарқий қисмига таъсир қилиши мумкин. Тайвань расмийлари “Бави” 1 метргача ёғингарчилик келтириб чиқариши эҳтимоли борлигини маълум қилган.

Тайфун хавфи сабаб минтақадаги ўнлаб авиақатновлар бекор қилинган, мактабларда дарслар тўхтатилган. Аҳоли озиқ-овқат ва зарур буюмларни захиралашга киришган.

Тайванда бўрон оқибатларини бартараф этиш учун қарийб 29 минг нафар ҳарбий хизматчи шай ҳолатга келтирилган. Мутахассислар “Бави” 1987 йилдан бери оролга яқинлашаётган энг кучли бўронлардан бири бўлиши мумкинлигини айтмоқда.

Япониянинг айрим ҳудудларида ҳам фавқулодда чоралар кўрилмоқда. Сакишима ороллари аҳолиси уй ва дўконларини мустаҳкамлашга киришган, авиакомпаниялар эса юзлаб рейсларни бекор қилган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Хитойнинг Хубей провинциясида юз берган 2 та торнадо оқибатида 11 киши ҳалок бўлгани ҳақида хабар берилганди.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг