Хитойда торнадо сабаб 11 киши ҳалок бўлди (видео)
Олам
−
15:58 985 2 дақиқа
Хитойнинг Хубей провинциясида юз берган 2 та торнадо оқибатида 11 киши ҳалок бўлди, яна бир киши бедарак йўқолди. Бу ҳақда “Reuters” хабар берди.
Қайд этилишича, торнадо кеча, 6 июль куни кечқурун Хуанши, Хуанган, Эжоу ва Сянин шаҳарларини қамраб олган. Табиий офат вақтида шамол тезлиги соатига 149 километрга етган. Кучли шамол автомобилларни ағдариб юборган, биноларнинг томларини учириб кетган ҳамда инфратузилмага жиддий зарар етказган.
Хубей метеорология бошқармаси мутахассиси Ван Сяолиннинг айтишича, мазкур ҳудудда торнадо жуда кам учрайди. Вилоятда сўнгги марта бундай ҳодиса 2021 йил май ойида қайд этилган.
CCTV давлат телевидениеси эълон қилган кадрларда кучли шамол оқибатида вайрон бўлган автомобиллар ва бинолар акс этган. Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпин қутқарув хизматларини сув тошқинлари ва кўчкилардан жабр кўрганларни қутқариш учун сафарбар этган.
Миллий метеорология маркази яқин кунларда Хубейнинг шимоли-шарқий қисмида, шунингдек, Гуанси, Гуангдонг, Хайнан, Шандун, Ляонин ва Жилин ҳудудларида кучли ёмғирлар давом этиши ҳақида огоҳлантирган.
Бундан ташқари, Тинч океанида кучайиб бораётган “Бави” тайфуни Тайвань томон ҳаракатланмоқда. Синоптиклар тайфун 10 июлдан бошлаб оролга таъсир эта бошлаши, айрим ҳудудларда бир метрдан ортиқ ёғингарчилик кузатилиши мумкинлигини билдирмоқда.
Тайвань ҳукумати табиий офат оқибатларини бартараф этиш учун қарийб 29 минг нафар ҳарбий хизматчини шай ҳолатга келтирган. Прогнозларга кўра, “Бави” Тайванга яқинлашганда бироз кучсизланиши мумкин, бироқ у ҳануз кучли тайфун сифатида хавф туғдиришда давом этади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Япония расмийлари кучли ёмғирлар ва тайфун туфайли Кюсю ва Окинавадан тортиб Кинки минтақасигача бўлган 13 та префектурадан 2,23 миллион аҳолини эвакуация қилгани ҳақида хабар берилганди.
Live
Барчаси