FIFA Ўзбекистон клубларига пул тўлайди
Спорт
−
17 Сентябрь 18964 1 дақиқа
Халқаро футбол федерацияси (FIFA) клубларга футболчиларининг Жаҳон чемпионати-2026 мусобақасида қатнашиши учун рекорд миқдорда – 355 миллион доллар компенсация тўлайди. Бу ҳақда ташкилотнинг расмий сайтида хабар берилди.
FIFA матбуот хизматининг хабар беришича, Клублар учун имтиёзлар дастури (Club Benefits Programme) доирасида 2026 йилги Жаҳон чемпионатининг саралаш ҳамда финал босқичида футболчилари иштирок этадиган клублар ўртасида рекорд 355 миллион доллар тақсимланади.
Қайд этиш жоиз, 2022 йилда Қатарда ўтган мундиал билан солиштирганда тўловлар 70 фоизга оширилган. Ўшанда 440 клубга жами 209 миллион доллар берилган. 2018 йилда Россияда ўтган турнирдан сўнг эса 416 клубга шунча маблағ тақсимланган. 2014 йилда Бразилияда бу сумма 70 миллион долларни, 2010 йилда Жанубий Африкада (дастур илк бор жорий этилган пайтда) эса атиги 40 миллион долларни ташкил қилганди. Маълум қилинишича, илк бор клублар нафақат Жаҳон чемпионати финал босқичига, балки саралаш ўйинларига футболчиларини юборгани учун ҳам компенсация олади.
Маълумот учун, Ўзбекистон миллий терма жамоаси биринчи марта қатнашадиган Жаҳон чемпионати 2026 йил 11 июндан 19 июлгача АҚШ, Канада ва Мексикада ўтказилади. Турнирда илк бор 48 та терма жамоа иштирок этади. Финал эса Нью-Жерсидаги “MetLife Stadium” аренасида бўлиб ўтади.