FIFA Сенегал терма жамоасини жазоламоқчи
Спорт
−
20 Январь 4640 2 дақиқа
FIFA президенти Жанни Инфантино Сенегал терма жамоасининг Марокашга қарши Африка кубоги финали вақтида майдонни тарк этганини кескин танқид қилди ва Африка футбол конфедерациясини (CAF) ушбу ҳолат юзасидан тегишли интизомий чоралар кўришга чақирди. Бу ҳақда “Reuters” нашри хабар берди.
Кеча, 18 январь куни турнир финали қўшимча вақтда Папе Гейенинг голи эвазига Сенегал Марокаш терма жамоасини 1:0 ҳисобида мағлуб этди.
Учрашувнинг асосий вақтига қўшиб берилган 90+8-дақиқада бош ҳакам Сенегал дарвозаси томон пенальти белгилади. Бу қарордан сўнг сенегаллик футболчиларнинг аксарияти норози бўлиб, майдонни тарк этди. Бироқ, жамоа сардори Садио Мане уларни тинчлантириб, ўйинни давом эттиришга кўндирди.
90+24-дақиқада Марокаш ярим ҳимоячиси Браим Диас пенальтидан унумли фойдалана олмади.
Қўшимча вақтда эса Сенегал ҳал қилувчи голни урди. Тўқсон тўртинчи дақиқада ярим ҳимоячи Папе Гуэйе аниқ зарба билан жамоасига ғалаба келтирди.
“Афсуски, биз майдонда ҳам, трибунада ҳам мутлақо қабул қилиб бўлмайдиган саҳналарга гувоҳ бўлдик. Айрим мухлислар, шунингдек, Сенегал терма жамоаси футболчилари ва мураббийлар штаби аъзоларининг хатти-ҳаракатларини кескин қоралаймиз. Майдонни бу тарзда тарк этиш мутлақо номақбул. Ҳакамлар қарорлари доимо ҳурмат қилиниши шарт. Жамоалар фақат ўйин қоидалари доирасида рақобатлашувлари керак, чунки бу чегаралардан чиқиш футболнинг асл моҳиятига путур етказади”, дейди Жанни Инфантино.
Шунингдек, FIFA президенти жамоалар ва футболчилар мухлислар ҳамда бутун дунё бўйлаб миллионлаб томошабинлар учун ижобий намуна бўлиши зарурлигини таъкидлади:
“Биз гувоҳ бўлган шармандали ҳолатлар қатъиян қораланиши ва ҳеч қачон такрорланмаслиги лозим. Бундай саҳналарнинг футболда ўрни йўқ. Тегишли CAF интизомий органлари зарур чораларни кўришини кутаман”, дейди FIFA раҳбари.
Ўз навбатида, CAF расмий сайтида ташкилот ушбу воқеага оид видеоёзувларни ўрганаётгани ва ҳодисага алоқадор шахсларга нисбатан чора кўриш учун иш ваколатли интизомий органларга топширилганини маълум қилди.
Live
Барчаси