FIFA Президенти Мирзиёевга ўзбек футболини мақтади
Жамият
−
20 Сентябрь 2023
6553Бугун, 20 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Футбол ассосиациялари халқаро федерацияси (FIFA) раҳбари Жанни Инфантино билан учрашув ўтказди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, Нью-Йорк шаҳрида бўлиб ўтган мазкур учрашув аввалида давлат раҳбари Жанни Инфантинони 2023 йилги футбол бўйича аёллар ўртасидаги жаҳон чемпионати муваффақиятли ўтказилгани билан самимий табриклаган.
Ўзбекистон ва FIFA ўртасидаги самарали шериклик алоқаларини янада мустаҳкамлаш кераклиги алоҳида қайд этилган. Жумладан, мамлакатда ташкилотнинг йирик халқаро тадбирларини, шу жумладан аёллар ва ўсмирлар ўртасидаги биринчиликларни ташкил этиш ва ўтказиш масалалари муҳокама қилинган.
Жанни Инфантино Ўзбекистонни 2024 йилда илк бор FIFA шафелигидаги футзал бўйича Жаҳон чемпионатига мезбонлик қилиши билан табриклаган ва унинг юқори савияда ўтказилишида муваффақият тилаган.
Шунингдек, Федерация раҳбари Ўзбекистонда оммавий ва профессионал футболни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, замонавий инфратузилма ва таълим базасини яратиш борасида олиб борилаётган ишларни юқори баҳолаган.