FIFA Осиё жамоасини халқаро мусобақалардан четлатди
Спорт
−
11:39 5600 2 дақиқа
Халқаро футбол федерацияси (FIFA) Непал футбол ассоциацияси (ANFA)ни халқаро мусобақаларда иштирок этиш ҳуқуқидан маҳрум қилди. Шу тариқа Непал миллий терма жамоаси ҳамда мамлакат клубларига халқаро турнирларда қатнашиш тақиқланди. Бу ҳақда “The Himalayan Times” нашри хабар берди.
Қарор FIFA бош котиби Маттиас Графстрёмнинг ANFA президенти Киран Райга йўллаган расмий мактубида баён этилган. Унда Непал Миллий спорт кенгаши (NSC) томонидан ассоциация низомининг қўпол равишда бузилгани, сайлов жараёни бўйича ҳал этилмаган низо ҳамда учинчи томоннинг сайловларга аралашуви асосий сабаб сифатида кўрсатилган.
Четлатиш туфайли ANFA FIFA аъзоси сифатидаги барча ҳуқуқларидан маҳрум бўлади. Шунингдек, ассоциация ва унинг вакиллари FIFA ҳамда Осиё футбол конфедерацияси (AFC)нинг ривожланиш дастурлари, курслари ва ўқув машғулотларида иштирок эта олмайди.
FIFA Непал футбол ассоциациясини қайта тиклаш учун икки шартни белгилади. Биринчиси – Миллий спорт кенгашининг 25 март куни қабул қилинган қарорини тўлиқ ва ҳеч қандай шартсиз бекор қилиш. Ўшанда ANFA ижроия қўмитаси спорт кенгаши розилигисиз сайлов ўтказгани ва халқаро қоидаларни миллий қонунчиликдан устун қўйгани учун уч ойга фаолиятидан четлатилган эди.
Иккинчи шарт эса, ANFAга ўз низомига мувофиқ бошланган сайлов жараёнини тўлиқ якунлаш имкониятини беришдан иборат.
Осиё футбол конфедерациясига ҳам юборилган мактубда ушбу тақиқ “кейинги расмий хабарга қадар” амал қилиши таъкидланган. FIFA ўзининг барча аъзо ассоциацияларини ҳам мазкур қарор ҳақида хабардор қилган.
Live
Барчаси