“Фенербаҳче” президенти ҳибсга олинди

Спорт

image

Туркиянинг “Фенербаҳче” футбол клуби президенти Садеттин Саран гиёҳванд моддалар бўйича тест ижобий чиққанидан сўнг қўлга олинди. Бу ҳақда бугун, 24 декабрь куни Истанбул бош прокуратурасига таяниб, “Fanatik” хабар берди.

Маълум бўлишича, Сараннинг гиёҳванд моддалар бўйича топширган тести ижобий натижа берган. Унинг соч намуналарида кокаин излари аниқланган. Саран бу ҳақда хабар топгач, айбловни рад этиб, хусусий лабораторияда яна бир бор тест топширган.

“Жараён давомида қўшимча далиллар олингач, гумонланувчи Стивен Садеттин Саран гиёҳванд моддаларни сотиш, уларни истеъмол қилишга кўмаклашиш ва бевосита истеъмол қилиш айбловлари билан жандармерия томонидан қўлга олинди”, дейилади Бош прокуратура баёнотида.

Саран чет эл сафаридан қайтган заҳоти сўроққа чақирилган.

Ўтган ҳафта Туркияда гиёҳванд моддалар савдоси бўйича олиб борилаётган тергов доирасида “Habertürk” телеканалининг бош муҳаррири ва машҳур телебошловчи Меҳмет Акиф Эрсой суд томонидан ҳибсга олинган. Унинг ҳам гиёҳванд моддалар бўйича тести ижобий чиққан, бироқ Эрсой айбловни рад этмоқда.

Туркияда бундай операциялар жорий йил октябрь ойидан бери ўтказилмоқда. Ўшанда бошланган тергов доирасида бир қатор актёрлар ва инфлюенсерлар қўлга олинган, уларнинг айримларининг қонида ва сочларида гиёҳванд моддалар излари аниқланган. Шу билан бирга, баъзи ушланган шахсларда рецепт асосида дорихоналарда сотиладиган дори воситалари таркибидаги моддалар излари ҳам аниқланган.


Мақола муаллифи

Теглар

гиёҳванд модда Фенербаҳче Садеттин Саран

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг