Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга янги модда қўшилади
Жамият
−
30 Декабрь 2019
10615Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилади. Бу ҳақда Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида эълон қилинган Қонун лойиҳасида кўзда тутилган.
Лойиҳага кўра, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс қуйидаги мазмундаги 197-5-модда билан тўлдирилади:
“197-5-модда. Таълим муассасасининг педагогик ходими касбий фаолиятига ноқонуний аралашиш ёки унинг хизмат вазифаларини бажаришига тўсқинлик қилиш
Таълим муассасасининг педагогик ходими касбий фаолиятига ноқонуний аралашиш ёки унинг хизмат вазифаларини бажаришига тўсқинлик қилиш - фуқароларга энг кам иш ҳақининг беш бараваридан етти бараваригача, мансабдор шахсларга эса - етти бараваридан ўн бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.
Худди шундай ҳуқуқбузарлик маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор содир этилган бўлса - фуқароларга энг кам иш ҳақининг етти бараваридан ўн бараваригача, мансабдор шахсларга эса - ўн бараваридан ўн беш бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади”.