“Фавқулодда иқтидорли эди”. Фожиали ҳалок бўлган ўқувчи таниқли шоирнинг фарзанди экани маълум бўлди
3-саҳифа
−
18:52 4594 3 дақиқа
Аввалроқ, Тошкент шаҳридаги мактаб-интернатининг 16 ёшли ўқувчиси Шоҳидбек Жамолиддинов ётоқхонанинг 4-қаватидан тушиб кетиб, ҳалок бўлгани ҳақида хабар берилган эди. Маълум бўлишича, у шоир, Ўзбекистон ёзувчилари уюшмасининг “Адиб” нашриёти бош муҳаррири Носиржон Жўраевнинг фарзанди. Бу ҳақда кеча, 15 сентябрь куни Божхона қўмитаси матбуот котиби Ҳусан Тангриев ўзининг Facebook’даги саҳифасида эълон қилган таъзияномасида ёзиб қолдирган.
“Ҳар гал кўришсак фарзандлар ютуқлари суҳбатимизнинг умумий мавзусига айланиб кетарди. Бу йигитда фавқулодда иқтидор ва интеллект намоён бўлиб бораётган эди. Курсдошим, таниқли шоир Носиржон Жўраевга фарзанди Шоҳидбекнинг вафоти муносабати билан ҳамдардлик билдирамиз. Ҳеч кимни фарзанд доғи билан синамасин!” деб ёзган Ҳусан Тангриев.
Маълумот учун, Носиржон Жўраев 1984 йили Наманган вилоятида туғилган. Ўзбекистон Миллий университети журналистика факультетини тамомлаган. Ёзувчилар уюшмасининг Ёшлар билан ишлаш бўлими адабий маслаҳатчиси, “Адиб” нашриёти бош муҳаррири, “Шарқ” нашриёти бош муҳаррир ўринбосари, Ғафур Ғулом нашриёти бош муҳаррири вазифаларида ишлаган.
Ўзи нима бўлган эди?
Мактаб-интернат ётоқхонасининг тўртинчи қаватидан тушиб кетиб, оғир жароҳат олган Шоҳидбек Жамолиддинов 10 кунлик даволанишдан сўнг вафот этган. Марҳум Ал-Беруний номидаги халқаро мактаб-интернати ўқувчиси бўлган. Мактаб масъул ходимининг QALAMPIR.UZ’га билдиришича, таълим ташкилоти биноси ҳали тўлиқ қуриб битказилмагани сабабли унга қабул қилинган ўқувчилар Абу Али ибн Сино номидаги ихтисослаштирилган мактаб-интернати биносида вақтинчалик таҳсил олаётган бўлган. Мазкур мактаб биносига яқин бўлгани учун, Ал-Беруний номидаги халқаро мактаб-интернати ўқувчилари Абдулла Авлоний номидаги педагогик маҳорат миллий институти ётоқхонасига жойлаштирилган. Фожиа ҳам айнан шу ётоқхонада содир бўлган.
QALAMPIR.UZ суҳбатлашган, шахсини ошкор қилишни истамаган гувоҳлардан бирининг сўзларига кўра, марҳум ўқувчи ётоқхонанинг 4 қаватида яшаган. У бахтсиз ҳодиса содир бўлган кунда ўз хонасининг дераза қисмига яқин ҳолатда бўлган. Билдирилишича, ўқувчи қўлида ушлаб турган планшет аппаратининг деразадан тушиб кетиш вақтида уни тутиб қолишга интилган. Оқибатда эса ўқувчи пастга тушиб кетган.
Болани шифохонага олиб боришганда, унинг ёнига борган отаси боладан ҳодиса ҳақида сўраган ва Шоҳидбек Жамолиддинов ҳам отасига планшетни тутиб қолишга урингани туфайли йиқилиб тушганини айтган. Ҳодисага гувоҳ бўлган бошқалар ҳам марҳум ўқувчи йиқилган жойда планшет қурилмаси бор бўлганини тасдиқлаган.
Қайд этиш жоиз, ушбу маълумотлар ҳали расман тасдиқланмаган.
Маълум бўлишича, унинг бош мияси лат еган ва умуртқа-орқа миясидан ҳам жароҳат олган. Шунингдек, кўкрак қафасидан жароҳат олиб, ўпкаси ва юраги лат еган. Бундан ташқари, унинг танасининг турли қисмларидаги, жумладан, товони ва думғаза суяклари синган. Бола ҳодисадан сўнг кома ҳолатига тушган.
QALAMPIR.UZ’нинг аниқлашича, унинг йиқилган жойи сунъий чим билан қопланган. Воқеани хонадошлари кўрган ва тез ёрдам чақирилиб, шифохонага олиб борилган. Шифокорлар унда бир неча кун даволаш муолажаларини олиб борган, бироқ шунга қарамай кеча, 15 сентябрь куни тонгда ўқувчининг юрак уриши тўхтаган. Шифокорлар уни ярим соатдан ортиқ вақт давомида жонлантиришга уринган, бироқ уни ҳаётга қайтаришнинг имкони бўлмаган.
Маълумот учун, Ал-Беруний номидаги халқаро mактаб-интернати Тошкент шаҳрида янги ташкил этилган давлат таълим муассасаси ҳисобланади. У Президентнинг 2025 йил 15 майдаги 86-сонли Фармони асосида фаолият бошлаган. Мактаб “Иқтидорли болалар дастури” доирасида ташкил этилган бўлиб, мамлакатдаги истеъдодли ёшларни юқори сифатли таълим билан таъминлашга қаратилган. Муассаса 2025–2026 ўқув йилидан бошлаб ўз фаолиятини бошлаган.
Live
Барчаси