Фарҳод Манноповнинг ўлими юзасидан икки кишига айблов эълон қилинди
3-саҳифа
−
27 Сентябрь 2023
17390Фарҳод Маннопов (Mittivine) вафот этганлиги билан боғлиқ жиноят иши айблов хулосаси билан судга юборилди. Бу ҳақда Бош прокуратура матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдинов QALAMPIR.UZ'га маълум қилди.
Унинг айтишича, жиноят иши доирасида 2 нафар шахсга нисбатан Жиноят кодексининг 116- (Касб юзасидан ўз вазифаларини лозим даражада бажармаслик) ва 117- (Хавф остида қолдириш) моддалари билан айблов эълон қилинган.
Маннопов иши
Жорий йилнинг 5 март куни “Mittivine” тахаллуси билан танилган блогер Фарҳод Маннопов 27 ёшида вафот этган эди. У бир неча кун аввал дўстлари билан бассейнда сузаётган вақтида боши ва бурнидан жароҳат олган. Шу сабаб у бурнини операция қилдириш мақсадида Тошкентнинг Чилонзор туманида жойлашган "Star med center" хусусий клиникасига мурожаат қилган. Ўшанда Бош прокуратура ҳолатга алоқадор шахсларни батафсил сўроқ қилиш, қўп вақт талаб қилинадиган мураккаб экспертизалар тайинлаш ва бошқа бир қатор тергов ҳаракатларини ўтказмасдан қонуний тўхтамга келиш имкони йўқлиги сабабли Жиноят кодексининг 116-моддаси (Касб юзасидан ўз вазифаларини лозим даражада бажармаслик) 4-қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилганини маълум қилган.
Шунингдек, Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан ўтказилган текширув натижаларига кўра, Манноповнинг операциясида иштирок этган анестизиолог ва реаниматолог, пластик жарроҳ шифокори, лаборант шифокорининг малакавий тоифалари ва сертификатлари бўлмагани маълум бўлган эди.
Зангиота туманлараро иқтисодий судида Фарҳод Манноповнинг вафоти ортидан Соғлиқни сақлаш вазирлигининг лицензияни бекор қилишни сўрагани юзасидан иқтисодий суд 15 май куни бошланган эди.
Кейинчалик ижтимоий тармоқларда клиниканинг бир нечта санъаткорлар томонидан реклама қилиниш ҳолатлари кузатилди. Бош прокуратура матбуот хизмати ҳолатга муносабат билдириб, Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан “Omad plyus” МЧЖга қарашли “Star med center” клиникасига тиббий фаолиятни амалга ошириш учун берилган лицензияни бекор қилиш тўғрисида судга ариза киритилганини маълум қилганди.
Жорий йилнинг 2 июнида Зангиота туманлараро иқтисодий судининг ҳал қилув қарори билан ариза талаби қаноатлантирилиб, Соғлиқни сақлаш вазирлигининг “Omad Plus” МЧЖга тиббий фаолиятни амалга ошириш учун берилган 27390032-сонли лицензияси бекор қилиниши белгиланди.
Шундан сўнг “Star med” клиникаси суд қароридан норози бўлиб, апелляция шикояти билан мурожаат қилди. 13 июль куни Тошкент вилоят судининг иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъатининг очиқ суд мажлисида мазкур масала кўриб чиқилди ва судлов ҳайъати томонидан жавобгарнинг илтимосномаси қаноатлантирилди.
LiveБарчаси