Фарғонада ноҳақ қамалган инспектор 15 йилдан кейин оқланди

3-саҳифа

image

Фарғонада пора олганликда айбланган божхона инспектори 15 йилдан сўнг оқланди. Бу ҳақда Олий суд матбуот котиби Азиз Обидов хабар берди. 

Маълум қилинишича, Фарғона вилояти божхона бошқармасининг “Фарғона” божхона постида ишлаган инспектор пора олиш жинояти бўйича эҳтиёт чораси сифатида қамоққа олинган.

Аниқланишича, ходим божхона постидаги ҳамкасблари билан бирга 2009 йил апрель ойидан 2010 йилнинг январь ойига қадар Ford ва Mercedes русумли автомашиналарда картошка ҳамда олма маҳсулотларини Қирғизистондан Ўзбекистонга ноқонуний равишда, божхона назоратидан ўтказмасдан, ҳеч қандай тўсиқларсиз олиб кириш эвазига ҳар гал пора олганликда айбланган. 

Шунингдек, ходим мева маҳсулотларини Ўзбекистондан Қирғизистонга божхона назоратидан ўтказмасдан, ҳеч қандай тўсқинликсиз олиб чиқиб кетиш эвазига 160 000 сўм, 2010 йил февраль-апрель ойларида Ford автомашинасида Қирғизистондан Ўзбекистонга картошка ва олма, Ўзбекистондан Қирғизистонга эса, сабзи маҳсулотларини ноқонуний равишда олиб ўтиш учун ҳар сафар 5 000 сўмдан, жами 120 000 сўмни пора тариқасида олганлик айблови ҳам эълон қилинган. 

Оқибатда ходим Жиноят ишлари бўйича Фарғона вилояти судининг 2010 йил 5 ноябрдаги ҳукмига мувофиқ, Жиноят кодексининг 210-моддаси 3-қисми “б” банди билан айбдор деб топилган. У ушбу кодекснинг 45 ва 57-моддалари тартибида 3 йил муддатга божхона органларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилинган ҳолда, 4 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазосига маҳкум этилган.

Ходим Фарғона вилояти судига кассация шикояти билан мурожаат қилиб, ўзининг айбсизлигини исботловчи бир қатор далилларни тақдим этган. Кассация инстанцияси судида собиқ инспекторнинг айбсизлиги ўз исботини топди.

Маълум бўлишича, ходим “Фарғона” божхона постида 2009 йил 1 июндан бошлаб хизмат қилган. Яъни 2009 йил апрель-май ойларида у ушбу постда ишламаган. Бу ҳолат ҳам айбловнинг ноқонуний эканлигини кўрсатган. 

Ана шу ва бошқа ҳуқуқий асосларга таянган Фарғона вилояти суди жиноят ишлари бўйича Фарғона вилояти судининг 2010 йил 5 ноябрдаги ҳукмини бекор қилиб, ходимни айбсиз деб топган ва оқлаган. 

Суд ҳукмида оқланувчига ўзига етказилган мулкий, маънавий ва бошқа зиён оқибатларини Жиноят процессуал кодексининг 304-312-моддалари тартибида бартараф қилиш ҳуқуқи ҳам тушунтирилган.


Мақола муаллифи

Теглар

Фарғона оқланди инспектор ноҳақ

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг