Фарғонада ароқдан заҳарланганларнинг бири вафот этди
3-саҳифа
−
07 Сентябрь 2023
3760Аввалроқ Фарғона вилоятининг Олтиариқ ва Қўштепа туманларида яшовчи 7 нафар фуқаро ароқдан заҳарлангани ҳақида хабар берган эдик. Заҳарланганларнинг бир нафари вафот этди. Бу ҳақда Бош прокуратура матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдинов QALAMPIR.UZ'га маълум қилди.
Қайд этилишича, Олтиариқ туманида Ю.И. қўлбола усулда тайёрланган алкоголдан заҳарланиб, вафот этган. Ушбу шахс 1970 йилда туғилган бўлиб, 3 нафар фарзанди бўлган.
Жорий йилнинг 5 сентябрь куни Қўштепа туманида яшовчи 2 нафар, Олтиариқ туманида яшовчи 5 нафар фуқаро номаълум моддадан заҳарланиши оқибатида соғлиғи ёмонлашиб, тиббиёт бирлашмасига ётқизилганди.
Мазкур ҳолат юзасидан ўтказилган терговга қадар текширув давомида Қўштепа туманида яшовчи фуқаро А.Д. бир гуруҳ шахслар билан тил бириктириб, қўлбола усулда алкоголли маҳсулотлар тайёрлаган. Ушбу маҳсулотларга “АКТАУ” ва “КАРАТАУ” номли савдо белгили ёрлиқларни ёпиштириб, умумий овқатланиш шохобчаси ва бир оилавий корхонасига ушбу алкоголь маҳсулотларини сотгани аниқланган.
Кеча, 6 сентябрь куни А.Д.га нисбатан Жиноят кодексининг 186-(Хавфсизлик талабларига жавоб бермайдиган товарларни ўтказиш мақсадини кўзлаб ишлаб чиқариш, сақлаш, ташиш ёхуд ўтказиш, хизматлар кўрсатиш) ва 186-1- (Этил спирти, алкоголли маҳсулот ва тамаки маҳсулотини қонунга хилоф равишда ишлаб чиқариш ёки муомалага киритиш) моддалари билан жиноят иши қўзғатилган ҳамда у процессуал тартибда ушланган. Айни пайтда тергов ҳаракатлари давом эттирилмоқда.
LiveБарчаси