Фарғонада 856 млн сўмлик дарахтлар кесилди. Прокуратура 1 ойдирки иш очмаяпти
Жамият
−
08 Август 2022
4815Жорий йилнинг 4 июль куни Фарғона вилоятининг Ўзбекистон туманида Электр тармоқлари корхонаси ходимлари “Қирқкетмон” МФЙда 57 туп дарахт кесиб ташлангани аниқланди. Бу ҳақда вилоят Экология бошқармаси маълум қилди.
Қайд этилишича, дарахтлар кесилаётгани маълум бўлгач, вилоят Экология бошқармаси масъуллари Ўзбекистон туман “Қирқкетмон” МФЙ ҳудудига етиб борган. Электр тармоқлари ходимлари шамол эсиши натижасида электр симига тегиб, инсон хаёти ва соғлигига хавф солаётган манзарали ва мевали дарахтларни хеч қандай рухсатномасиз ўзбошимчалик билан кесаётгани аниқланган ва жараён тўхтатилган.
Электр тармоқ корхонаси ходимлари “Қирқкетмон” МФЙ ҳудудида ноқонуний равишда 48 тўп кўп йиллик сосна, 9 туп шумтол ва 30 тупдан ортиқ мевали дарахтларни остидан кесиб ташлагани аниқланиб, ўсимлик дунёсига етказилган зарар суммаси 43 410 000 сўмга баҳоланган.
Бошқарма маълумотига кўра, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасинингг 2019 йил 17 январдаги “Давлат ўрмон фондига кирмайдиган ерларда дарахтлар ва буталардан фойдаланишни тартибга солиш ва улардан фойдланиш соҳасида рухсат бериш тартибини янада такомиллаштириш тўғрисидаги 43-сон қарорининг 49-бандида “Етказилган зарарни ундириш, ушбу низомга 4-иловада келтирилган битта дарахт ва бутани кесиш учун берилган рухсатнома қиймати миқдорининг энг кам ойлик иш хаққи миқдорига нисбатан коэффицентларига асосан, яъни кам қимматли дарахтлар тури учун 5 (беш) бараварга, қимматли ёғочбоп дарахтлар учун 10 бараварга, 100 (юз) ёшдан ошган дарахтлар учун эса 20 бараварга кўпайтириш билан ҳисобланади” деб белгиланган.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 30 декабрдаги фармонининг 2-а-бандига асосан, дарахт ва буталарни ноқонуний кесиш ва шикастлантириш билан ўсимлик дунёсига етказилган зарар учун ундириш суммалари икки бараварга оширилган ҳолда қўлланилиб, 43 410 000 сўмлик зарар қайта хисобланганда 856 500 000 сўмни ташкил қилган.
Ҳозирда тегишли хужжатлар расмийлаштирилиб, прокуратура органларига такдим этилган. Бироқ Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси Матбуот котибининг QALAMPIR.UZ’га маълум қилишича, ҳолат бўйича материаллар прокуратурага топширилганига 1 ой бўлганига қарамай, ҳамон иш очилмаган.