“Экологик хулоса талаб этилмайди”. Самарқандда нега дарахтлар кесиб ташлангани айтилди
Жамият
−
29 Ноябрь 6589 2 дақиқа
Аввалроқ, Самарқанд вилоятининг Булунғур туманида канал қурилиши давомида мингга яқин дарахт кесиб ташлангани хабар қилинганди. Мазкур ҳолат юзасидан Самарқанд вилоят Экология бошқармаси матбуот хизмати муносабат билдирди.
Қайд этилишича, ҳолат Самарқанд вилоят Экология бошқармаси томонидан назоратга олиниб, тезкор тартибда ишчи гуруҳ тузилган ва қонунда белгиланган тартибда ўрганиш ишлари олиб борилмоқда.
Аниқланишича, Зарафшон ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси Жомбой тумани “Мирза-Пай” ирригация тизимлари бошқармасига қарашли Булунғур тумани ҳудудидан ўтувчи Оқтепа каналини бетонлаштириш ишлари давомида канал атрофидаги бетонлаштириш ишларига халақит берадиган дарахтлар кесилган.
“Мирза-пай” ирригация тизимлари бошқармаси қирғоқ минтақаси маълумотига кўра, дарахтларни кесишга бошқарма бошлиғи топшириқ берган, бунинг учун давлат хизматларига хат чиқарилган ҳамда ушбу хатга асосан дарахтлар кесилган.
Мазкур ҳолатда Оқтепа канали ҳамда унинг ҳавза ҳимоя ҳудуди “Мирза-Пай” ирригация тизимлари бошқармасига қарашли экани ва бу ердаги дарахтларни кесиш ёки уларга тегишли ишлов бериш учун вилоят экология бошқармасининг хулосаси олиниши зарур.
Юқоридаги ҳолатда дарахтларни кесиш учун вилоят экология бошқармасига “Мирза-Пай” ИТБ томонидан хат берилгани, вилоят экология бошқармаси томонидан бу ҳолат учун экологик хулосаси талаб этилмаслиги маълум қилинган хат “Мирза-Пай” ИТБда мавжудлиги маълум қилинди.