Фарғонада 19 ёшли қиз чақалоғини ҳожатхонада полга ташлаб кетди. Бола вафот этди
3-саҳифа
−
04 Апрель
12783Ижтимоий тармоқларда Фарғона вилоятининг Қува туман тиббиёт бирлашмаси туғуруқ бўлимида янги туғилган чақалоқ полисинтетик халтага солиниб, ерга ташлаб қўйилгани акс этган видеотасвир тарқалди. Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳолат юзасидан муносабат билдирди.
Дастлабки ўрганишларга кўра, 2005 йил Фарғона вилояти Тошлоқ туманида туғилган Д.У. жорий йилнинг 31 март куни Қува туман тиббиёт бирлашмаси туғуруқ бўлимига “Ҳомиладорлик-1, туғуруқ-1, 28 ҳафта, эрта туғиш хавфи” ташхиси билан мурожаат қилган.
Бемор ҳомиладорлик билан Тошлоқ туманида диспансер назоратида турмаган ва ҳомилани яшириб юрган. Туғуруқ 1 апрель куни соат 08:45 ларда амалга оширилган.
Шу куни соат 17:00 ларда эса чақалоқнинг аҳволи оғирлашиб, унда биологик ўлим ҳолати кузатилган. Унинг ўлимига муддатидан олдин (7 ойлик) туғилганлиги сабаб бўлган.
“Айни пайтда мазкур ҳолат Cоғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан назоратга олиниб, мавжуд вазиятга зудлик билан аниқлик киритиш мақсадида тегишли Ишчи гуруҳ Фарғона вилоятига юборилди”, дейилади хабарда.
Шунингдек, ҳозирда ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан ушбу ҳолат юзасидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Қашқадарё вилоятидаги шифохонада зинапоя остига ташлаб кетилган сумка ичидан чақалоқ топилганди. Бола Китоб туманида жойлашган вилоят болалар уйига жойлаштирилган. Самарқанд шаҳридаги кўп қаватли уйнинг йўлагида эса янги туғилган эгизак чақалоқлар қолдириб кетилди.
LiveБарчаси