Фарғонада 11 яшар қиз зўрлаб, ўлдириб кетилди
3-саҳифа
−
22 Июль 2023
34357Фарғона вилояти Фарғона шаҳрида 11 яшар қиз зўрлаб, ўлдириб кетилди. Бу ҳақда Бош прокуратура матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдинов хабар берди.
Келтирилишича, воқеа жорий йилнинг 20 июль куни Фарғона шаҳар Янги аср кўчасида жойлашган қурилиши тугалланмаган бинода юз берган. Бино ёнидан 11 ёшли қизчанинг мурдаси зўрлаш ва қотиллик аломатлари билан топилган.
Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 97 (Қасддан одам ўлдириш), 118 (Номусга тегиш) ва 119 (Жинсий эҳтиёжни зўрлик ишлатиб ғайритабиий усулда қондириш) моддалари билан жиноят иши қўзғатилган.
Тергов давомида ушбу жиноятни содир этишда 2006 йилда туғилган шахс гумонланаётгани аниқланиб, процессуал тартибда ушланган.
“Воқеа содир бўлган куни гумонланувчининг ёнида бўлган икки нафар шерикнинг ушбу жиноятга алоқадорлиги ҳам текширилмоқда. Содир этилган қилмиш жинсий жиноятлар тоифасига тегишли бўлгани сабабли бошқа тафсилотлар ошкор қилинмайди“, дейилади хабарда.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 31 январь куни Тошкент шаҳрининг Янгиҳаёт туманида зўрлик ва қотиллик аломатлари билан 12 ёшли қизнинг мурдаси топилган. Жиноят иши бўйича гумонланувчи шахс (29 ёшли эркак) Жиноят-процессуал кодексининг 221-моддаси тартибида ушланган эди. У марҳуманинг хонадонида 2022 йилнинг ёз ойиларида ёлланма ишчи сифатида таъмирлаш ишларини амалга оширган. 26 май куни жиноят ишлари бўйича Яккасарой туман судида судланувчи А.Т. га нисбатан умрбод қамоқ жазоси белгиланганди.