Фарғонада Ҳаж зиёратига юборишни ваъда берган навбатдаги фирибгар аниқланди
3-саҳифа
−
09 Июнь 2023
4753Фарғона вилоятида ноқонуний Ҳаж зиёратига юборишни ваъда берган навбатдаги шахслар қўлга олинди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати хабар берди.
Унда айтилишича, Фарғона шаҳрида фаолият юритувчи туристик фирма ходими фуқароларга 20 минг АҚШ доллари эвазига Саудия Арабистонига Ҳаж зиёратига юборишни ваъда қилган. Марғилон шаҳрида яшовчи, 1987 йилда туғилган фуқаро ва унинг ўғлидан талаб қилинган умумий суммадан 10 минг АҚШ долларини олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Тезкор суриштирув ҳаракатлари давомида у ушбу пул маблағини туристик фирма раҳбарининг кўрсатмаси асосида олганлиги маълум бўлган. Ҳозирда ҳолат юзасидан мазкур шахсларга нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Маълумот учун, Ўзбекистонда Ҳаж сафари Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 7 июндаги “Ҳаж ва Умра тадбирларини ташкил этиш ва ўтказишни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 364-сонли қарорига мувофиқ Дин ишлари бўйича қўмита ва Саудия Арабистонининг Ҳаж вазирлиги ўртасида ҳар йили имзоланадиган шартнома асосида амалга оширилади.
Эслатиб ўтамиз, Фарғона вилояти Бувайда тумани ҳамда Марғилон шаҳрида худди шундан ҳолат билан фирибгарлик амалга оширган туристик фирма вакиллари қўлга олинган эди.
LiveБарчаси