Фарғонада ҳам ҳоким жазоланди

3-саҳифа

image

Фарғона тумани ҳокими Ҳамидулло Иномовга нисбатан интизомий жазо чораси қўлланди. Бу бўйича Фарғона вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров бугун, 25 август куни тегишли фармойиш чиқарди.

Қайд этилишича, ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш борасида амалга оширилган ишлар таҳлил қилинди. Унга кўра, Фарғона туманида ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, аҳоли фаровонлигини таъминлаш ва бошқа шу каби долзарб масалалар бўйича амалга оширилиши лозим бўлган ишлар ўз ҳолига ташлаб қўйилгани, барча соҳаларда берилган топшириқлар ва дастурлар ижросини таъминлашда қолоқликка йўл қўйилгани, туманни ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишлари етарли даражада ташкил этилмагани қаттиқ танқид қилинган.

Шунингдек, Президент Администрацияси ишчи гуруҳининг вилоятга ташрифи давомида Фарғона туманидаги “Миндонобод” кичик саноат зонасида олиб борилган ўрганишларда аниқланган камчиликлар хусусан, саноат зонасига жойлаштирилган 22 та лойиҳалардан бугунги кунга қадар атига 3 таси ишга туширилгани, қолган 19 та лойиҳани ўз вақтида ишга тушириш бўйича тизимли ишлар ташкил қилинмагани кўрсатиб ўтилган ҳамда кўп қаватли уйлар атрофини ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишлари амалга оширилмагани аниқланган.

Юқоридагиларни инобатга олиб, вилоятда ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва бошқа шу каби долзарб масалалар бўйича амалга оширилиши лозим бўлган вазифаларни ўз вақтида ва сифатли амалга оширилишини таъминлаш ва мазкур вазифаларни бажаришга масъул бўлган раҳбарларни масъулиятини янада ошириш мақсадида масъулиятсизликка йўл қўйгани учун Фарғона тумани ҳокими Ҳамидулло Иномовга Меҳнат кодексининг 312-моддасига асосан ҳайфсан эълон қилинган.

Шунингдек, тумани ҳокимининг барча ўринбосарлари фаолиятида тубдан ижобий ўзгариш қилиб, III чорак якуни билан барча белгиланган вазифалар ижросида юқори натижаларга эришмаган тақдирда лавозимдан озод этилиши тўғрисида огоҳлантирилган. Ушбу фармойиш ижросини назорат қилишни вилоят ҳокими Бозоров ўз зиммасида қолдирган.

Маълумот учун, Ҳамидулло Иномов 1982 йилда Фарғона вилоятининг Бувайда туманида туғилган. 2022 йилнинг 17 октябрь куни Халқ депутатлари Фарғона туман кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ҳокими этиб тайинланган. У тайинловга қадар Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги Кадрлар маъмуриятчилиги департаменти давлат органлари ва ташкилотларида кадрлар ишини мувофиқлаштириш бошқармаси бош инспектори бўлган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қизириқ тумани ҳокими Шерхон Алламуродовга нисбатан интизомий жазо чораси қўлланганди. 


Мақола муаллифи

Теглар

ҳоким Фарғона тумани ҳайфсан Ҳамидулло Иномов

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг