Фарғона вилояти ҳокимига янги ўринбосар тайинланди

Жамият

image

Шерзод Абдухалилович Раҳимов Фарғона вилояти ҳокимининг ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари этиб тайинланди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати хабар берди. 

Шерзод Раҳимов шу пайтгача Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Аграр ва сув хўжалиги масалалари қўмитаси аъзоси бўлиб фаолият кўрсатиб келаётган эди. 

У 2019 йилдан буён шу лавозимда ишлаб келган ва жорий йил 21 февралда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарорига асосан, Бош вазир котибияти “Маҳалла еттилиги”, ёшлар сиёсати ва маънавият масалалари департаментининг раҳбари этиб тайинланган Файзуллажон Қосимовнинг ўрнини эгаллади.

Маълумот учун, Шерзод Раҳимов 1984 йилда Қува туманида туғилган. Фарғона давлат университетини ҳамда Тошкент давлат Аграр университетини тамомлаган. Меҳнат фаолиятини 2004 йилда тарих ўқитувчиси сифатида бошлаган. 2007-2010 йилларда ФарДУ аспиранти, 2010-2011 йилларда ушбу университет қошидаги академик лицейда маънавий-маърифий ишлар бўйича директор ўринбосари бўлган. 2011-2015 йилларда "Камолот" ёшлар ижтимоий ҳаракати Фарғона вилояти Кенгаши раиси бўлиб ишлаган. 2015-2019 йилларда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати бўлган. 2020 йил 22 январдан тайинловга қадар Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Аграр ва сув хўжалиги масалалари қўмитаси аъзоси вазифасида фаолият кўрсатиб келаётган эди.

Эслатиб ўтамиз, 11 март куни Халқ банки Сирдарё вилояти филиали раҳбари сифатида ишлаб келган Абдураҳим Умаров Сирдарё вилояти ҳокимининг молия-иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича биринчи ўринбосари лавозимига тайинланганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Фарғона Шерзод Раҳимов

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг