Фаластин тарафдорлари Ҳарриснинг “овозини ўчирди” (видео)
Олам
−
28 Октябрь
14686Фаластинни қўллаб-қувватловчи фаоллар АҚШ вице-президенти, демократлардан энг юқори давлат лавозимига номзод Камола Ҳарриснинг Мичиган штатидаги нутқини тўхтатди. Бу ҳақда “Pravda” нашри хабар берди.
Ҳарриснинг нутқи пайтида намойишчи “Ғазода урушни тўхтат!” деб бақира бошлаган. Демократ тарафдорлари вице-президентнинг исмини айтиб шовқин солишган ва Ҳаррис гапиришдан тўхтаган. Шундан сўнг, Фаластин тарафдорини соқчилар олиб кетишган.
“Ғазога келсак, биз бу урушни тўхтатишимиз керак. Биз бу урушни тўхтатиб, гаровга олинганларни уйларига қайтаришимиз керак. Лекин ҳозир мен 2024 йил ҳақида гапиряпман”, деган вице-президент.
Қўшма Штатларда Ҳаррис тез-тез Яқин Шарқдаги эскалацияни тўхтата олмаганлиги учун танқид қилинади. Масалан, собиқ давлат котиби Майк Помпео Ҳарриснинг Ғазо секторидаги можарони тугатишга чақиргани уни фақат авж олдиришини ва ҲАМАСни “ёқишини” айтган.
Маълумот учун, июль ойи охирида Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяху Ҳаррис билан учрашиб, Фаластин анклавида гаровга олинган Исроилликларни озод қилиш эвазига сулҳ битимига эришишни муҳокама қилди. Учрашувдан сўнг Ҳаррис Исроил раҳбариятини Фаластин ҲАМАС ҳаракати билан имкон қадар тезроқ шартнома тузишга чақирди ва фаластинликларнинг азоб-уқубатларига чек қўйиш зарурлигини таъкидлади. Америка оммавий ахборот воситалари ва экспертларининг фикрича, вице-президент Ҳаррис АҚШнинг амалдаги Президенти Жо Байденга қараганда Исроилга нисбатан нейтрал позицияга амал қилади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Microsoft корпорацияси асосчиси, миллиардер Билл Гейтс АҚШ вице-президенти ва Демократик партиядан мамлакат президентлигига номзод Камола Ҳарриснинг сайловолди кампаниясини қўллаб-қувватловчи нодавлат ташкилотга 50 миллион доллар хайрия қилганди.
Муҳаммад Ҳодиев
LiveБарчаси