F-35, Украина уруши, Венесуэла... Трамп Эрдўған билан учрашувда нималар деди?
Олам
−
07 июл 1921 11 дақиқа
Бугун, 7 июль куни Анқарада бўлиб ўтаётган НАТО саммити доирасида Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған расмий кутиб олиш маросимидан сўнг АҚШ Президенти Дональд Трамп билан ўзаро учрашув ўтказди. Бу ҳақда TRT Haber хабар берди.
Учрашувда Трамп Туркиянинг ҳарбий қудрати ва Эрдўғанннинг етакчилигини мақтаган ҳамда Туркия билан АҚШ ўртасидаги муносабатларни “мақтовга лойиқ”, деб баҳолаган.
“Муҳтарам Президент бўлмаганида бу саммитда иштирок этмасдим. Катта раҳмат айтаман. Ҳаммага маълум ва матбуотда ҳам ёзилганидек, биз жуда яхши дўстмиз. Муҳтарам Президент жуда яхши иш қилмоқда. У бизни аэропортда кутиб олди. Менинг номим билан аталган бино ҳам бор экан, бу ҳам жуда ёқимли. Бу ерга келаётганда уни кўрдик. У ажойиб раҳбар, бутун дунё ҳурмат қиладиган етакчи. Илк учрашувимизданоқ ўзаро муносабатимиз жуда яхши шаклланган, муносабатларимиз ҳамиша яхши бўлган”, дейди Трамп.
Шунингдек, АҚШ Президенти Туркиянинг мудофаа саноати ва ҳарбий салоҳиятини юқори баҳолаган.
“Муҳтарам Президент раҳбарлигида Туркия ҳарбий жиҳатдан жуда кучли мамлакатга айланди. Одамлар Туркиянинг қанчалик кучли эканини яхши билади. Унинг техникаси ҳам, аскарлари ҳам ажойиб. Энг муҳими, Туркия билан муносабатларимиз ҳақиқатан ҳам мақтовга лойиқ. Биз ҳамиша яхши ҳамкорлик қилиб келганмиз. Мен муҳтарам Президентга жуда катта ҳурмат билан қарайман. Бу ҳар икки давлат манфаатига хизмат қилади”, дейди у.
Учрашув кун тартиби ҳақида ҳам маълумот берган Трамп Эрдўған билан савдо, ҳарбий соҳа ва яна турли масаларни муҳокама қилишини билдирган.
“Бугун савдо ҳақида, бошқа масалалар ҳақида ҳам гаплашамиз. Ҳарбий соҳани муҳокама қиламиз, кўплаб турли мавзуларни кўриб чиқамиз, эҳтимол Эрон масаласини ҳам муҳокама қиламиз. Биз Эрон армиясини бутунлай ҳаракатсиз ҳолатга келтирдик, улар ядровий қуролга эга бўлмайди. Туркия билан жуда яхши савдо қилмоқдамиз. Биз яхши ишлар қиляпмиз, улар ҳам яхши ишлар қиляпти ва ўзаро савдо қилмоқдамиз. Фақат шуни айтмоқчиманки, сиз билан бирга бўлиш мен учун катта шараф ва фахр. Жуда яхши учрашувлар, жуда яхши кечки овқатлар, жуда яхши таомлар... Биз яхши ишлар қилдик, қиляпмиз ва бундан кейин ҳам қиламиз. Раҳмат, муҳтарам Президент”, дея таъкидлаган Қўшма Штатлар раҳбари.
Журналистлардан бири F-35 қирувчи самолётлари сотуви ҳақида сўраганида Трамп Туркияни ишончли ҳамкор деб атаган.
“Бу – биз ҳали қабул қилишимиз керак бўлган қарор... Бу (Туркияга F-35 етказиб бериш – таҳр.), шубҳасиз, биз кўриб чиқишимиз мумкин бўлган масала... Бу биз албатта кўриб чиқадиган нарсадир”, дейди.
Қайд этиш жоиз, Туркия Россиянинг S-400 зенит-ракета тизимларини сотиб олганидан кейин, 2019 йилда F-35 дастуридан чиқариб ташланган эди. Кейинчалик АҚШ Анкарага қарши CAATSA (“Америка рақибларига санкциялар орқали қарши курашиш тўғрисида”ги) қонуни доирасида санкциялар жорий этди. Сўнгги ойларда Туркия расмийлари чекловларни олиб ташлаш ва мамлакатни F-35 дастурига қайтаришга эришиш истагини бир неча бор баён қилди, бироқ якуний қарор АҚШ ва консорциумнинг бошқа иштирокчиларига боғлиқ.
НАТО иттифоқчиларига танқид
Трамп чиқишида НАТОнинг айрим иттифоқчиларига ҳам танқидий фикрлар билдирган. У НАТО харажатлари ва айрим давлатларнинг позициясидан норози эканини айтган.
“Мен НАТОдан жуда кўнглим қолганини айтганман. Бу ердаги дўстим жуда кучли раҳбар, жуда кучли шахс. Агар муҳтарам Президент бўлмаганида, мен бу саммитда иштирок этмасдим. Бу саммитнинг Туркияда ўтаётгани жуда катта аҳамиятга эга.
Биз Эронда бир иш қилдик. Ҳеч кимнинг ёрдамига муҳтож эмас эдик, ҳатто ҳеч кимнинг аралашишини ҳам истамадик. Биз шу вақтгача НАТО учун триллионлаб доллар сарфладик. Нима учун? Европа давлатларини ва бошқаларни, Канада ва бошқаларни ҳимоя қилиш учун. Илгари бу Совет Иттифоқи эди, ҳозир эса Россиядан ҳимоя қилиш учун. Мен “майли”, дедим. Лекин улар ҳам қандайдир тарзда бизни қўллаб-қувватлаши керак эди.
Масалан, Буюк Британия. Эҳтимол Бош вазир кейин бу лавозимда қолмасди, аммо у урушдан кейин бизга ёрдам беришни хоҳлади. Мен эса бундай ёрдамга эҳтиёжимиз йўқлигини айтдим. Биз улар бизнинг ёнимизга келадими-йўқми, шуни синаб кўрдик.
Италия бизни ярим йўлда ташлаб кетди. Германия ҳам шундай қилди. Франция ҳам шундай қилди. Майли, муаммо эмас. Лекин унда нима учун биз юзлаб миллиард доллар сарфлаймиз, аммо улар бизга ёрдам бермайди?” дея таъкидлаган у.
“Эрдўғанн мамлакатини янада кучли қилди”
Трамп учрашувда Россиянинг С-400 ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари ҳақидаги саволга ҳам жавоб берган.
“Мен бу борада ҳеч қандай хавотир кўрмаяпман. Бу ерда ўз мамлакатини янада кучли қилган раҳбар ўтирибди. Атрофга қаранг – йўлларни кўринг, ҳамма нарса ажойиб. Туркия билан боғлиқ ҳеч қандай муаммо йўқ. Мен шуни айта оламанки, Туркия билан муносабатларимиз ҳозир ҳар қачонгидан ҳам яхшироқ. Биринчи президентлик муддатимда ҳам яхши эди, ҳозир эса ундан ҳам яхши.
Кўплаб давлат раҳбарлари билан дўстона учрашувлар ўтказдик. Айримларини яхши танийман, айримларини унчалик эмас. Лекин узоқ вақтдан бери сиёсатдаман.
Биласиз, АҚШда Байден ҳокимиятга сохта сайловлар орқали келганди. Тўрт йил беҳуда кетди, вазият ўзгарди. Кейин эса Америка президенти лавозимига киришганимдан кейинги энг яхши йилни ўтказдик. Иқтисодиётимизнинг аҳволи қанчалик яхши даражага чиққанини кўряпсиз”, дея қўшимча қилган у.
“Салоҳиятимиз жуда юқори”
Трамп иқтисодий кўрсаткичлар ҳақида ҳам тўхталган.
“Америка Қўшма Штатлари 19,2 триллион АҚШ долларилик хорижий инвестиция жалб қилди. Бу аввалги рекордлардан 7–8 баравар кўп. Бу нафақат Америка рекорди, балки жаҳон рекорди ҳам. Масалан, Toyota аввал Мексикада ишлаб чиқаришни бошлаган эди, ҳозир эса АҚШга қайтмоқда. Бу автомобиллар ва пикаплар ҳақида гапиряпман. Буни тарифлар таъминлади.
Салоҳиятимиз ҳам жуда юқори. Мендан аввалги маъмурият тўрт йилда бир триллион доллардан ҳам кам инвестиция жалб қилган эди. Мен эса илк 12 ойимнинг ўзида 19,2 триллион АҚШ доллари инвестиция жалб қилдим. 12 ой ичида 19,2 триллион АҚШ доллари ҳақида гапиряпмиз. Дунёда ҳеч ким бундай натижани кўрмаган.
Иқтисодий жиҳатдан биз дунёнинг энг яхши мамлакатимиз. АҚШда бандлик ҳеч қачон бу қадар юқори бўлмаган. Америка Қўшма Штатлари кўплаб ажойиб мамлакатлар билан савдо қилади. Туркия ҳам ана шундай мамлакатлардан бири”, деган АҚШ Президенти.
Туркия–АҚШ муносабатлари ва мудофаа соҳасидаги ҳамкорлик
F-35 самолётлари ҳақидаги фикрларини давом эттирган Трамп Эрон ҳақида ҳам эслаб ўтган.
“Шуни ҳам қўшимча қилмоқчиман. Туркия бу самолётларни сотиб олган, улар энг яхши самолётлар. Агар сиз Америка Қўшма Штатларидан самолёт сотиб олсангиз ва унинг двигателига қандайдир хизмат кўрсатиш ёки таъмирлаш керак бўлса, уни амалга ошириш бизнинг масъулиятимиз ҳисобланади.
Яъни двигатель ишлаяптими, уни таъмирлаш ёки модернизация қилиш керакми – агар самолётни биздан сотиб олган бўлсангиз, албатта бу хизматларни кўрсатишимиз керак. Бундай қилмаслигимиз мумкин эмас. Кўпчилик аввал бу фикрга қўшилмаган эди, аммо вақт ўтиши билан Туркия биз учун ажойиб иттифоқчи эканини тушуниб етди.
Туркия Эронни жуда яхши танийди. У Эрон билан боғлиқ муаммоларни ҳам яхши билади. Бошқа давлатлар билан бирга Туркия ҳам жуда катта ёрдам берди. Туркия бу можарога жалб қилиниши ҳам мумкин эди, чунки Исроил билан муносабатлари туфайли бундай эҳтимол бор эди. Аммо бундай бўлмади. Балки бунинг сабаби мендир.
Бошқа томондан қараганда ҳам улар можарога қўшилиши мумкин эди. Аммо биз ажойиб мамлакат ҳақида гапиряпмиз. Мен Америка Президенти сифатида айта оламанки, муносабатларимиз нуқтаи назаридан Туркия жуда яхши ишлар қилмоқда.
Эрон билан бўлган урушни, ёки тўғрироғи, ҳарбий операцияни якунлаш, Эроннинг ядровий дастурига чек қўйиш масаласида ҳам Туркия катта роль ўйнади. Мен муҳтарам Президент ҳам Эрон ядровий қуролга эга бўлишини истамаслигига ишонаман.
Бироқ бирор давлат самолёт ёки бошқа маҳсулот сотиб олса, унга техник хизмат кўрсатиш бўйича бизда мажбурият бўлади. Агар самолётни сотган бўлсак, унинг техник хизмати ҳам таъминланади. Америка Қўшма Штатлари бу масалада анъанавий ҳамкорларга қараганда Туркияга анча яқин”, дейди Дональд Трамп.
Россия–Украина уруши ва минтақавий етакчилик
Трамп Россия Президенти Владимир Путин билан мулоқоти ҳақида ҳам тўхталиб ўтган.
“Президент Путин билан жуда яхши суҳбатлашдим. Путин муҳтарам Эрдўғаннга ҳам катта ҳурмат билан қарайди. У билан гаплашганимдан кейин дарҳол Президент Зеленский билан ҳам суҳбатлашдим.
Иккаласи ҳам келишувга эришишни истайди. Улар ҳам бу урушнинг яна шунча давом этишини хоҳламайди.
Бирор ечим пайдо бўлади. Муҳтарам Президент ҳам бу жараёнда ёрдам бермоқда. Мен “саккизта урушни тугатамиз”, деган эдим ва буни ҳам тугатишга ўхшаяпмиз. Ҳозирча бундай имконият бор. Албатта, баъзан урушлар энг кутилмаган пайтда бошланиши ҳам мумкин.
Путин билан яхши мулоқот қилдик, Зеленский билан ҳам яхши суҳбатлашдик. Бу яхши комбинацияга айланиши керак. Иккаласи ҳам муаммони ҳал қилишни хоҳлаяпти. Мен бутун ҳаётим давомида келишувлар тузганман, музокараларга воситачилик қилганман. Бу масалани ҳам ҳал қиламиз, деб ўйлайман.
Ўтган ойда асосан ҳарбийлардан иборат 35 минг киши ҳалок бўлди. Ундан аввалги ойда 24 минг, яна олдинги ойда 47 минг, ундан аввал эса 29 минг киши ўлган. Фақат ўтган ойнинг ўзида 35 минг ёш инсон, асосан ҳарбийлар ҳалок бўлди. Бу ақлга сиғмайдиган ҳолат”, деган Трамп.
“CAATSA санкцияларини бекор қиламиз”
Сухбатда Трамп CAATSA санкциялари ҳақидаги саволга ҳам жавоб берган.
“Бу санкцияларни бекор қиламиз. Буни аниқ айта оламан. Муҳтарам Президент бу саволга жавоб бериш учун вақтини сарфламасин, мен ўзим жавоб бераман. Биз жуда яқин ҳамкорлик қилмоқдамиз. Марко Рубио ҳам шу ерда, Давлат котибимиз, Скотт Бессент ҳам шу ерда, Пит ҳам шу ерда, ҳамма шу ерда.
Бу эмбарго ва санкцияларни бекор қиламиз. Энди вақти келди. Биз дўстларимизга санкция қўллашни истамаймиз. Бу жуда оддий. Биз дўстларимизга қарши санкциялар жорий этмаймиз”, деган Қўшма Штатлар етакчиси.
Сурия ва минтақавий мувозанат
“Муҳтарам Президент билан муносабатларимиз жуда яхши. Ҳозир Суриянинг янги президенти бўлган Аҳмад аш-Шара билан ҳам яхши муносабатларимиз бор. Биз икки мамлакатни яқинлаштиряпмиз.
Муҳтарам Президент билан биргаликда мен ҳам унга қўллаб-қувватлаш билдирганларданман. У жуда яхши иш қилмоқда, мамлакатни бирлаштирмоқда. Бу Сурия учун осон вазифа эмас”, дейди Трамп.
Италия ва Жоржа Мелони ҳақида
“Билмадим, менимча, у яхши инсон. Лекин муносабатларимиз бироз ёмонлашди, чунки у бизга ёрдам беришдан бош тортди.
Эрон масаласида ҳам бизга ёрдам бермади. Бу муносабатларимизга таъсир қилди. Мен уни яхши кўраман, яхши инсон. Аммо хато қилди.
Биласиз, улар нефтни жуда кўп сотиб олади, биз эса олмаймиз. Бизнинг ўз нефтимиз бор. Америка Қўшма Штатларида ҳаммадан кўпроқ нефть бор. Энди Венесуэла ҳам бор. Шунинг учун бизга Ҳормуз бўғози ёки бошқа бўғозлар керак эмас. Уларга керак. Бироқ ҳаво кучлари масаласида бизга ёрдам бермади ва бу мени хурсанд қилмади”, дейди АҚШ етакчиси.
Украина уруши ва дрон технологиялари
“Кўп нарса ўзгарди. Бу Америкага тўғридан тўғри таъсир қилмайди. Байден юзлаб миллиард долларлик қурол-яроғни бепул берарди. Мен эса бугун уларни адолатли нархда сотяпман. Биз уларни Европа Иттифоқига сотамиз, улар эса ҳақини тўлайди. Мен эса фақат одамларнинг ҳаётини сақлаб қолишни хоҳлайман.
25 минг, 35 минг, 30 минг... Бир ойда ҳатто 41 минг киши ҳалок бўлган ойлар ҳам бўлди. Бу одамлар Украинада ҳам, Россияда ҳам ота-онасини қолдириб фронтга кетади ва бир ҳафтадан кейин ҳалок бўлади. Бу ақлга сиғмайди. Бу бизга таъсир қилмайди, очиқ айтаман. Биз жуда узоқдамиз. Бу Европа учун анча муҳим.
Биз Европага ёрдам беряпмиз, аммо бу бизга таъсир қилмайди. Орамизда океан бор. Бироқ фронтларда бўлаётган воқеаларга қараб туролмайман. Энди бу дронлар урушига айланди. Бу янги технологиялар уруши. Биз дронлар бўйича дунёда энг илғор давлатмиз. Энг мукаммал дронларга эгамиз.
Аммо бу уруш қанчалик шафқатсиз эканини ҳамма кўриб турибди. Расмларни кўрганимда... Мана шу ердаги дўстимиз Пит менга доим суратлар юборади, мен эса унга: “Пит, мен буларни кўришни истамайман”, дейман. Мен бундай манзараларни ҳеч қачон кўрмаганман. Бу ҳақиқий қирғин. Бу тугаши керак”, дейди АҚШ Президенти.
Гренландия, Дания ва Европа келажаги
“Гренландия ҳақида… Гренландия Данияга ёрдам бермаяпти, Дания ҳам Гренландия учун деярли маблағ сарфламаяпти. Бироқ у Америка Қўшма Штатлари учун жуда муҳим ҳудуд. Унинг атрофини Хитой ва Россия кемалари ўраб олган. Гўё муҳосарада қолган.
Гренландия Дания эмас, Америка Қўшма Штатлари назоратида бўлиши керак. Биз Россиядан ҳимоя қилиш учун шунча маблағ сарфлаганимизга қарамай...
Аслида бунга ҳожат ҳам йўқ. Биз барча ҳарбийларимизни Европадан олиб чиқиб кетишимиз мумкин. Чунки Европа энди 20 йил аввалги Европа эмас. Жуда ўзгариб кетган. Биз Европани Россиядан ҳимоя қилишга ёрдам беряпмиз. Шунингдек, энергетика ва миграция соҳаларида ҳам. Агар улар шу икки масалага етарлича эътибор бермаса, яқин келажакда Европа деган нарсанинг ўзи қолмаслиги мумкин”, дейди Трамп.
Live
Барчаси