ФҲДЁ ходими шифокорни йўқ бемор учун калтаклади (видео)

Жамият

Ижтимоий тармоқларда тарқалган Spark автомашинаси ҳайдовчиси Cobalt автомашинасини турган жойида орқасидан келиб, зарб билан қайта-қайта уриб, сўнгра ҳайдовчи машинадан тушиб “Энди буларга кўрсатаман” дея кимгадир таҳдид қилаётган ҳолати акс этган видеолавҳа муҳокамаларга сабаб бўлди. 

Маълум бўлишича, ушбу воқеа Жондор туман тиббиёт бирлашмаси ҳудудида содир бўлган. Соғлиқни сақлаш вазирлиги мазкур ҳолатни ўрганиб, қуйидагиларни маълум қилди.

Жорий йилнинг 11 август куни соат тахминан 18:00 атрофида В.Қ. исмли фуқаро Жондор туман тиббиёт бирлашмаси туғруқ бўлимига маст ҳолда келиб, “Д.Қ исмли аёл 3 кундан бери туға олмаяпти, сенлар қарамаяпсанлар”, деб жанжал кўтаради ва шифокорларни хақорат қилади. Иш вақтини якунлаб, уйига қайтаётган акушер-гинеколог М.Т. нима бўлаётганини билиш учун воқеа жойига боради. В.Қ.нинг мақсадини тушунгач, у айтган аёлдан хабар олиш мақсадида туғруқхона қайтиб кириб, беморлар қайд этилган дафтардан Д.Қ.нинг исми-фамилиясини излайди. Бироқ рўйхатда бундай бемор қайд этилмаган эди. Сўнгра, кўчага чиқиб В.Қ.га қариндоши шифохонада эмаслигини айтади. 

Шу пайтда В.Қ. шифокорни ҳақорат қилиб, мушти билан уриб, жароҳат етказади. Теварак-атрофдаги одамлар уларни ажратиб қўйгач, шифокор иш вақти тугагани учун уйига қайтиш мақсадида кўчада турган машинаси томон отланади. Бу пайтда В.Қ. ҳам Spark русумли автомашинасига ўтириб, туғруқ бўлими биноси ёнида турган шифокор М.Т.га тегишли Cobalt русумли машинасининг орқасига Spark`и билан бориб, бир неча маротоба урган.

Ушбу ҳолат бўйича ўша пайтнинг ўзида туман ички ишлар бўлимига хабар қилинган. Бироқ энг ачинарлиси шуки, ўша куни фуқаро В.Қ.нинг қариндоши шифохонада эмас, уйида бўлган. У аёл орадан икки кун ўтиб, 13 августь куни эрталаб, соат 8:15 да туғруқ мажмуасига келтирилган ва шифокорларнинг кўмагида шу куни кўзи ёриган. Ҳозир она ва боланинг саломатлиги яхши. Яқин кунларда уларга уйга рухсат берилади.

Кейинги пайтларда шифохоналарда тиббиёт ходимларига беморларнинг қариндошлари ва яқинлари томонидан ноҳақ таҳдид қилиниши, ҳатто, тан жароҳати етказилиши ҳолатлари тез-тез кузатилаётгани жуда аянчли ҳолатдир. Бу галгиси янада ошиб тушди: энди шифокорнинг мол-мулкига ҳам зиён етказилди. Ачинарлиси, бу ҳодисани содир этган инсон Жондор туман ФҲДЁ бўлими ходими экан.

"Соғлиқни сақлаш вазирлиги яна бир карра халқимизга, жамоатчиликка мурожаат қилиб шуни маълум қиладики, тиббиёт ходими учун энг эзгу мақсад – дардига малҳам истаб келган ҳар бир беморга шифо бахш этиш. У бундай эзгу вазифани кимнингдир таҳдиди ёки дўқ-пўписасидан қўрққани учун эмас, аввало, ўзининг хизмат бурчи, инсоний вазифаси бўлгани учун виждонан бажаради", дейилади ССВ Матбуот хизмати хабарида.

Шу боис ССВ ҳуқуқ-тартибот идораларидан бундай ҳолатларга қарши кескин курашиш, тиббиёт ходимларининг ҳақ-ҳуқуқлари ҳимоясини кучайтиришни сўради.


Мақола муаллифи

Теглар

шифокор Жондор туман

Баҳолаганлар

84

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг