Ёзувчи Исфандиёр 79 ёшида вафот этди
Жамият
−
24 Ноябрь 8763 1 дақиқа
Кеча, 23 ноябрь куни Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, ёзувчи, ҳуқуқшунос Исфандиёр Кимсан ўғли Маткаримов 79 ёшида вафот этди. Бу ҳақда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси хабар берди.
Ёзувчи 1946 йили Марғилон шаҳрида таваллуд топган. 1969 йили Фарғона давлат педагогика институтини, 1971 йили Фарғонадаги мусиқа ўқув юртини, 1978 йили Горкий номидаги адабиёт институтининг наср бўлимини, 1981 йили “Давлаткино” қошидаги олий сценаристлар курсини, 1997 йили Тошкент юридик институтини тамомлаган. 1996 йилдан адвокатлик лавозимида ишлаган.
Унинг “Саратон”, “Мени тонгда уйғотинг”, “Қасам”, “Қасоскор”, “Хун”, “Қайтиш”, “Ўғри”, “Инқироз ёхуд генераллар ўйини” каби ўнга яқин қисса ва романлари чоп этилган.
У драматург сифатида “Отасининг қизи”, “Ишонмасанг ўламан, хотин”, “Ғаройиб дори”, “Сенинг тақдиринг” каби саҳна асарларини яратади. Исфандиёр сценарист сифатида “ХХ аср динозаврлари”, “Қон ила йўғрилган муҳаббат” ва “Лоқайдлик мезони” фильмларини яратган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистон телевидениеси фахрийси, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, “Меҳнат шуҳрати” ордени соҳиби Мираббос Мирзааҳмедов вафот этганди.