Эстония Россия биқинида 150 га яқин бункер қурмоқчи

Олам

−

image

Болтиқбўйи мудофаа ҳудудини ташкил этиш доирасида Эстониянинг Ида-Виру округида 150 га яқин бункер қуриш режалаштирилмоқда. Улардан 100 таси давлат ерларида, 50 га яқини эса муниципал ёки хусусий ерларда жойлаштирилади. Бу ҳақда Эстония Мудофаа вазири Мартин Ҳерем маълум қилди.

Ҳеремнинг сўзларига кўра, давлат Нарва дарёси бўйлаб хусусий ерларни кенг кўламда олиб қўйишни режалаштирмаяпти. Бироқ хусусий участкаларда қурилиш ишларини олиб боришда ер эгалари билан келишув талаб қилинади. Хусусан, ердан фойдаланганлик учун компенсация, ижара ҳақи ёки олиб қўйиш вариантлари кўриб чиқилиши мумкин, аммо ҳозирда бутун кенг майдонни сотиб олиш режаси йўқ.

Вазир кейинги тўрт йил давомида бутун Эстония бўйлаб ёшлар учун миллий мудофаа тадбирларини ва дронлар билан ишлашни ўргатишни молиялаштириш оширилишини маълум қилган. Мактабларда бошқа фанлар доирасида миллий мудофаа мавзулари тез-тез ёритилиши мақсадга мувофиқ. Ҳерем фақат Ида-Вирумаа учун аниқ қўшимча режаларни айтмаган ва бу чоралар бутун мамлакатга тегишли эканини таъкидлаган.

Қайд этиш жоиз, жорий йилнинг октябрь ойи бошида “Financial Times” Эстония Қуролли кучлари қурол-яроғ сотиб олаётгани, элита қўшинларини Россия билан чегарага яқинроқ жойга доимий жойлаштириш учун кўчираётгани, шунингдек, Россия қўшинлари билан ҳарбий тўқнашув юз берган тақдирда мудофаа стратегиясини қайта қураётгани ҳақида хабар берган.

Россия эса Европа ва НАТОга ҳужум қилишга тайёргарлик кўраётгани ҳақидаги даъволарни рад этади. Сентябрь ойида Россия Президенти Владимир Путин Москванинг Европа мамлакатларига қарши ҳарбий ҳаракатлар бошлаш учун ҳеч қандай режа, асос ва сабаб йўқлигини айтган. У Россиядан бўлаётган таҳдид ҳақидаги баёнотларни “провокация” ва “вазиятни қасддан шишириш” деб атаган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Эстония элита қўшинларини Россия билан чегарага яқинроқ жойлаштириш ва юзага келиши мумкин бўлган ҳарбий можаро ҳолатида “фаол мудофаа”га тайёргарлик кўришга қарор қилгани ҳақида хабар берилган эди.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг