Эстония хавотирда: элита қўшинлар Россия биқинига кўчирилади
World
−
13:21 629 2 minutes
Эстония элита қўшинларини Россия билан чегарага яқинроқ жойлаштириш ва юзага келиши мумкин бўлган ҳарбий можаро ҳолатида “фаол мудофаа”га тайёргарлик кўришга қарор қилди. Бу ҳақда эстониялик мулозимлар ва ҳарбийларга таяниб, “Financial Times” хабар берди.
“Биз чегарадан бошлашимиз ва биринчи жангларданоқ ғалаба қозонишимиз керак”, дейди Эстония армиясининг асосий жанговар бўлинмаси – Биринчи бригада қўмондони полковник Тармо Кундла.
Унинг бўлинмаси Тападан Россия чегарасидан тахминан 50 км узоқликда жойлашган Йихвига кўчирилади. Нарвада яна бир база қурилмоқда. У 200 нафар ҳарбий хизматчига ва инқирозли вазиятда қўшимча 800 кишини жойлаштиришга мўлжалланган.
Шу билан бирга, Эстония ҳарбий қўмондонлиги ва разведкаси Москва яқин икки йил ичида НАТО билан тўлиқ миқёсли уруш бошлаш ниятида деб ҳисобламайди. Бироқ Financial Times”нинг қайд этишича, Таллинда альянснинг иттифоқчини ҳимоя қилишга тайёрлигини текширишга мўлжалланган чекланган босқиндан, масалан асосан рус тилида сўзлашувчи аҳоли яшайдиган Нарвани эгаллаб олишдан хавотирда. Эстония учун асосий ноаниқлик Украинадаги уруш бўлиб қолмоқда: у давом этар экан, Россия армияси банд, аммо сулҳ тузилган тақдирда жанговар тажрибага эга ўн минглаб ҳарбийлар Россиянинг ғарбий чегараларига кўчирилиши мумкин.
“Биз урушдан қўрқар эдик. Энди эса урушнинг тугашидан қўрқяпмиз”, дейди FT нашрига Эстония разведкасининг юқори мартабали ходими.
Жорий йилнинг май ойида Эстония ҳукумати Миллий хавфсизлик концепциясига “фаол мудофаа” атамасини киритган. У бевосита Россия билан чегарадаги ҳудудни ҳимоя қилиш ва мудофаа стратегиясини “тубдан” қайта қуришни кўзда тутади. Сўнгги бир йил ичида Эстония 300 километргача масофага уча оладиган М57 ракеталарини ўз ичига олган АҚШнинг тўққизта HIMARS тизимини ва шунга ўхшаш масофага уча оладиган Жанубий Кореянинг тўққизта Chunmoo тизимини сотиб олиш бўйича шартномалар тузган. FT маълумотларига кўра, Эстониянинг ҳарбий харажатлари бу йил ўтган йилгига нисбатан 42 фоизга ошиб, 2,4 миллиард еврони ёки ЯИМнинг 5,4 фоизини ташкил этган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Швеция Россия билан чегарадош Финляндияга Gripen қирувчи самолётлари ва ҳарбий кемаларини юбориши ҳақида хабар берилган эди. Мамлакат ҳарбийлари камида 2026 йил охиригача Финляндия ҳудудини ҳимоя қилишда иштирок этади.
Live
All