Эрсин Татар Нью-Йоркдан қуруқ қўл билан қайтди

Олам

image

Шимолий Кипр Турк Республикаси (ШКТР) президенти Эрсин Татар Нью-Йоркдаги Кипр бўйича кенгайтирилган 5+1 норасмий учрашувида Кипр Республикаси билан чегара ҳудудда қуёш энергияси зонасини ташкил этиш ва янги чегара пунктлари очиш масалаласида ҳеч қандай келишувга эришолмади. Бу ҳақда Эрсин Татар кеча, 18 июль куни Нью-Йоркдан қайтгач, Эржан аэропортида ўтказган матбуот анжуманида сўз очди.

Татар учрашувга Бирлашган Миллатлар Ташкилоти (БМТ) Бош котиби Антониу Гутерришнинг таклифи билан борганини айтган. Татар дипломатиядан, мулоқотдан ва алоқалардан ҳеч қачон қочмаганлиги ва ҳар доим турк халқининг манфаатларини ҳимоя қилишга интилганини таъкидлаган. 

Норасмий учрашувда олти мавзу муҳокама қилиниб, фақат тўрттасида ижобий силжиш кузатилган. Кипр Республикаси билан чегара ҳудудда қуёш энергияси зонаси ташкил этиш ва янги чегара пунктлари очиш бўйича эса силжиш бўлмаган. Учрашув якунида Кипр оролининг зилзила харитасини тузиш, микропластик чиқиндиларни тозалаш, маданий мерос ва бедарак йўқолганлар учун икки раҳбар томонидан фонд тузиш, ҳаво сифати мониторинги, чучук сув ресурсларини бирга бошқариш, шунингдек, гиёҳвандликка қарши курашиш бўйича келишувларга эришилган. Бироқ Татар сўнгги масалада икки томоннинг полиция идоралари ўртасида ҳамкорлик таклифига Кипр Республикаси томони рози бўлмаганини билдирган.

Татар сентябрь ойида БМТ Бош Ассамблеяси доирасида яна бир учрашув бўлиши кутилаётгани, йил охиригача эса 5+1 форматида навбатдаги йиғилиш режалаштирилаётганини маълум қилган. Чегара ҳудудидаги қуёш энергияси ишлаб чиқаришдан олинадиган электрнинг ШКТРга узатилиши кераклигини айтиб, Рум томоннинг уни умумий тизим орқали етказиш таклифини қабул қилмасликларини билдирган.

Янги чегара пунктлари очилиши масаласида эса Татар БМТ Бош котиби Гутерришнинг ташаббускор бўлгани, Ҳамиткой ва Акинжилар пунктлари очилиши масаласида музокаралар бўлиб ўтганини билдирган. Рум томони транзит йўл очишни таклиф қилган бўлса-да, ШКТР бунга фақат тўлиқ чегарани назорат қилиш шарти билан рози бўлган. Туркия ва ҳарбий доиралар билан маслаҳатлашган ҳолда Татар ушбу йўлнинг бир қисми турк еридан ўтишини таклиф қилган, аммо греклар бу таклифни рад этиб, йўл фақат чегара ҳудуддан ўтишини истаган. Татар эса хавфсизлик ва ҳарбий сабабларга кўра бу таклифни қабул қилмасликлигини айтган.

Татар БМТ Бош котиби Гутерришнинг ҳалоллиги ва самимиятини алоҳида эътироф этиб, унинг Кипр масаласини чуқур тушуниши ва олдинги музокараларида ҳам иштирок этганини эслатган. 

Туркия Ташқи ишлар вазири Хоқон Фидан ҳам Татарни тўлиқ қўллаб-қувватлаган. Татар учрашувда асосий томонлар ШКТР ва грек раҳбари бўлгани, бошқа томонлар эса кузатувчи сифатида қатнашганини таъкидлаган. 

Татарнинг қўшимча қилишича, учрашув чоғида мулк масаласи ҳам кўтарилган. Татар бу борада яхши муҳит яратишга интилишларига қарамай, Рум томони айрим туркларни ҳибсга олиб, бу муҳитни бузганини айтган. У Кипр туркларига қарши давом этаётган санкциялар ва изоляцияларни “инсониятга қарши муносабат” деб атаган ва бу муаммо Жанубий Кипр маъмурияти раҳбари Никос Христодулидис даврида янада кучайганини таъкидлаган. Татарга кўра, ушбу зўравонликлар Кипр туркларини сиёсий жараёнлардан четда қолдириш ва уларни янада кўпроқ босим остида сақлашга қаратилган. 

Маълумот учун, 5+1 – бу Кипр оролидаги сиёсий муаммони ҳал қилиш учун ташкил этилган халқаро музокаралар шаклидир. Унда жами 6 томон қатнашади – Шимолий Кипр (яъни Турк томони), Жанубий Кипр (яъни Рум томони), Туркия, Греция, Буюк Британия ва Бирлашган Миллатлар Ташкилоти (БМТ). Шу сабабли бу формат 5+1 деб аталади. Бу беш асосий томон ва бир воситачи (БМТ) дегани.

Бу музокаралар Кипр оролидаги икки асосий жамият – турклар ва румлар (яъни юнонлар) ўртасидаги йиллар давомида ҳал бўлмай келаётган муаммони ечиш учун ўтказилади. 1974 йилда юз берган сиёсий тўқнашувлардан сўнг орол икки қисмга бўлинган – шимолий қисми ҳозирда фақат Туркия томонидан тан олинган Шимолий Кипр Турк Республикаси, жанубий қисми эса халқаро майдонда тан олинган Кипр Республикаси (яъни Рум томони).

Рум томони деганда, айнан шу Кипр Республикасининг жанубий қисми, яъни юнон миллатига мансуб кипрликлар назарда тутилади. Улар Европа Иттифоқига аъзо ва халқаро даражада тан олинган ягона расмий вакил сифатида кўрилади. Аммо Шимолий Кипрдаги турклар ўз суверен давлатлари борлигини айтиб, тенг ҳуқуқли давлат сифатида тан олинишни талаб қилмоқда. 5+1 учрашувлари айнан мана шу икки томон ўртасида ечим топиш учун уюштирилади.


Мақола муаллифи

Теглар

БМТ Нью-Йорк Антониу Гутерриш Шимолий Кипр Турк Республикаси Эрсин Татар Кипр Республикаси Эржан

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг