Эрсин Татар Нью-Йоркка кетди

Олам

image

Шимолий Кипр Турк Республикаси (ШКТР) президенти Эрсин Татар БМТ мезбонлигида бўлиб ўтадиган Кипр бўйича кенгайтирилган 5+1 норасмий учрашувда иштирок этиш учун кеча, 15 июль куни АҚШнинг Нью-Йорк шаҳрига жўнаб кетди. Бу ҳақда “Anadolu” хабар берди.

У Эржан аэропортида журналистлар билан суҳбатда ШКТР билан тўғридан тўғри авиақатновлар, савдо ва алоқа ўрнатилиши учун бошқа мамлакатлар билан музокаралар бошланиши зарурлигини айтган. Шунингдек, Татар Кипр Республикаси тарафини ижобий муҳит яратиш ўрнига тангликни кучайтираётганликда айблаган. 

Татар Кипр туркларининг суверенитетидан ҳеч қачон воз кечмасликларини билдирар экан, Нью-Йоркка ташрифининг мақсади Кипр туркларининг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш эканини қайд этган. Қолаверса, у БМТни Кипрдаги воқеаларга томошабин бўлиб қолаётгани учун танқид қилган.

5+1 форматидаги норасмий учрашув 16-17 июль кунлари бўлиб ўтади. Унда Жанубий Кипр маъмурияти раҳбари Никос Христодулидис, Туркия ва Греция Ташқи ишлар вазирлари, шунингдек, Буюк Британиянинг Европа ишлари бўйича вазири иштирок этади. Учрашувга БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш мезбонлик қилади.

Маълумот учун, 5+1 – бу Кипр оролидаги сиёсий муаммони ҳал қилиш учун ташкил этилган халқаро музокаралар шаклидир. Унда жами 6 томон қатнашади – Шимолий Кипр (яъни Турк томони), Жанубий Кипр (яъни Рум томони), Туркия, Греция, Буюк Британия ва Бирлашган Миллатлар Ташкилоти (БМТ). Шу сабабли бу формат 5+1 деб аталади. Бу беш асосий томон ва бир воситачи (БМТ) дегани.

Бу музокаралар Кипр оролидаги икки асосий жамият – турклар ва румлар (яъни юнонлар) ўртасидаги йиллар давомида ҳал бўлмай келаётган муаммони ечиш учун ўтказилади. 1974 йилда юз берган сиёсий тўқнашувлардан сўнг орол икки қисмга бўлинган – шимолий қисми ҳозирда фақат Туркия томонидан тан олинган Шимолий Кипр Турк Республикаси, жанубий қисми эса халқаро майдонда тан олинган Кипр Республикаси (яъни Рум томони).

Рум томони деганда, айнан шу Кипр Республикасининг жанубий қисми, яъни юнон миллатига мансуб кипрликлар назарда тутилади. Улар Европа Иттифоқига аъзо ва халқаро даражада тан олинган ягона расмий вакил сифатида кўрилади. Аммо Шимолий Кипрдаги турклар ўз суверен давлатлари борлигини айтиб, тенг ҳуқуқли давлат сифатида тан олинишни талаб қилмоқда. 5+1 учрашувлари айнан мана шу икки томон ўртасида ечим топиш учун уюштирилади.


Мақола муаллифи

Теглар

АҚШ БМТ Антониу Гутерриш Шимолий Кипр Турк Республикаси Эрсин Татар Кипр Республикаси

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг