Трамп Эронни тўлиқ “ечинтирмоқчи”

Таҳлил

Дастлаб ҲАМАС, кейин эса “Ҳизбуллоҳ” Исроил билан тўқнашувда жиддий йўқотишларга учраб, курашни сулҳ билан якунлади. Бу орада Суриядаги Асад режими ҳам қулади. Ва мана 4 кундирки, АҚШ ва Ямандаги ҳусийлар ўртасида ҳаводаги қарама-қаршилик давом этмоқда. 1 ярим йил ичида Эрон кураторлиги ва ҳомийлиги остидаги қаршилик ўқи ҳаракатлари бир қадар фалажланди. Расмий Теҳрон ҳатто узоқ йиллардан буён яхшигина ўрнашиб олган Суриядан ҳам “ҳайдалди”. Бу эса унинг Яқин Шарқдаги таъсир доираси заифлашиб, “қўллари қисқараётганини” англатади. Асад режимига таъсири Эронга Сурияда ўзини эркин ҳис қилишга, “Ҳизбуллоҳ”га ҳомийлик қилиши эса унинг Ливандаги таъсир доирасини кенгайтирган. Арабистон яриморолининг энг жанубий чеккасидаги ҳусийларни дастаклаш орқали эса Теҳрон Яманни дефакто идора қилганлик эҳтимоли юқори.

Ҳусийлар эса Эроннинг шу чоққача жиддий ҳужумларга учрамаган, бирон бир кўплаб етакчиларидан айрилмаган ягона прокси гуруҳи эди. Аммо ҳозир ортда қолган ойлар давомида ҲАМАС ва “Ҳизбуллоҳ” билан рўй берган йўқотишлар ҳусийларда ҳам кузатилиши мумкин. Чунки 15 март куни Дональд Трампнинг буйруғига биноан Яман маркази яъни ҳусийлар позициясига йўлланган зарбалар ортидан бошланган можаро бугунгача тўхтагани йўқ. 2023 – йилдан буён ҲАМАС билан бирдамлик эълон қилиб, Исроилга қарши курашаётган ҳусийларнинг Қизил денгиздаги савдо кемаларига ҳужумлари узоқ пайтдан бери Трампнинг эътибор марказида эди. Ортда қолган ойларда АҚШ ва ҳусийлар ўртасидаги зиддият қуролли можарога айланиши тайин эди. Трамп бу учун баъзи ҳужжатларни ҳам имзолаб, уларни “қора рўйхат”га киритди. Буёғига фақат ҳужумга ўтиш қолганди, холос.

Эроннинг сўнгги “жароҳатсиз” аскари

Эрон томонидан турли манбаларда турлича, аниқроғи 100-200 миллион долларгача молиялаштирилиши тахмин қилинадиган ҲАМАС 1 йил-у икки ой давом этган Исроил босқини давомида 10 минглаб аъзосидан айрилди. ҲАМАС қаршилик ўқидаги Эронга алоқадор ягона сунний ҳаракатдир. Унинг Муҳаммад Дейф каби муҳим ҳарбий етакчиси, Исмоил Хония ва Яхё Синвар каби сиёсий раҳбарлари Исроил босқини давомида йўқ қилинди.

Йўқотишлар ҳақида гап кетганда Теҳроннинг Ливандаги яна бир прокси гуруҳи – шиа “Ҳизбуллоҳ” ҳаракати алоҳида мавзудир. Улар ўтган йили сентябрь ойи охири, октябрь бошларида бир неча кун ичида кетма-кет икки нафар етакчисини йўқотди. 27 сентябрь куни гуруҳнинг 32 йиллик раҳбари Ҳасан Насруллоҳ, ундан атиги бир ҳафта ўтиб, унинг ўрнига янги тайинланган Ҳошим Сафи ад-Дин Исроил бомбалари остида қолди. Бундан ташқари, “Ҳизбуллоҳ” Иброҳим Оқил бошчилигидаги яна ўнлаб генералларидан ва Эрондан ёрдамга юборилган Аббос Нилфорушаннинг ҳам ўлимига ўша қисқа вақт ичида гувоҳ бўлди. Якунда Исроил билан тўқнашувлар икки ўртада сулҳ тузилиши билан якунланди.

Эроннинг навбатдаги прокси гуруҳи ҳусийилар эса яманлик шиа ҳаракати бўлиб, гуруҳнинг расмий номи “Ансоруллоҳ” ҳисобланади. Ҳаракатнинг ҳусийлар деган норасмий номи эса унинг 1990 йилларда Ҳусайн Ал-Ҳусий исмли шахс таъсирида пайдо бўлгани билан боғлиқдир. Улар Яманнинг расмий ҳукуматига, Саудия Арабистони ва унинг иттифоқчиларига фаол қуролли қаршилик кўрсатади, Исроилни эса ўзининг асосий душмани деб билади. Ҳусийлар ташкилий жиҳатдан Ливандаги “Ҳизбуллоҳ”га жуда ўхшаш. Чунки ҳаракат 2014 йилдан бери мамлакат пойтахти Сана ва мамлакат шимоли-ғарбий Яманни назорат қилади. Худди “Ҳизбуллоҳ” Байрут ва Ливан жануби, шунингдек, Балбек водийсини назорат қилиши каби.

Юридик тайёргарлик

Бундан бир неча йиллар олдин Дональд Трампнинг биринчи маъмурияти даврида ҳам ҳусийлар ҳаракати террорчи ташкилотлар рўйхатига киритилган. Бироқ ҳокимиятга Жо Байден келгач, у Ямандаги ҳаракатни ушбу рўйхатдан чиқарганди. АҚШнинг собиқ давлат котиби Энтони Блинкен ўшанда бу қарор гуманитар сабабларга кўра қабул қилинганини айтганди. АҚШ Президенти Дональд Трампнинг жорий йил 22 январдаги тегишли фармонига биноан Ямандаги ҳусийлар ҳаракати 4 март куни АҚШда “хорижий террорчи ташкилот” деб эълон қилинди. 2023 йилдан бери ҳусийлар Эрон Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси кўмагида АҚШ ҳарбий-денгиз кучлари ҳарбий кемаларига ўнлаб маротаба ўқ узган. Бундан ташқари, шу ҳужжатда 2014-2015 йилларда ҳусийлар фуқаролик инфратузилмасига, жумладан Саудия Арабистонидаги фуқаролик аэропортларига бир неча марта ҳужумлар уюштиргани, 2022 йил январида Бирлашган Араб Амирликларига қилган навбатдаги ҳужумлари ва 2023 йил октябрь ойидан бери Исроилга 300 дан ортиқ снарядлар отгани ҳам баён этилган.

Савдо кемаларининг қўрқинчли туши

Ғазо секторидаги босқин авж олгандан сўнг, ҳусийлар Исроилни ўққа тутиши ва Фаластин анклавидаги операция тўхтатилмагунча яҳудий давлатига алоқадор кемаларнинг Қизил денгиз ва Боб ал-Мандеб бўғози сувлари орқали ўтишига рухсат бермаслиги ҳақида огоҳлантирган. Ўтган йилнинг ноябрь ойидан бери ҳусийлар Қизил денгиз ва Адан кўрфазида кўплаб фуқаролик кемаларига ҳужум қилган. Қизил денгиз нефть, суюлтирилган газ ва бошқа товарларни ташиш бўйича дунёдаги энг муҳим йўналишлардан бири ҳисобланади. Ҳусийчиларнинг ҳужумлари туфайли деярли барча кемачилик компаниялари Қизил денгиз орқали парвозларни тўхтатиб, ўз кемаларини узоқроқ масофадан айланиб ўтишга йўналтирди.  Ғазо секторида уруш бошланганидан сўнг, улар кенглиги тахминан 30 км бўлган тор Боб ал-Мандиб бўғозидан ўтувчи кемаларни ракета ва дронлар билан ўққа тута бошлади. АҚШ Конгресси маълумотларига кўра, 2023 йил ноябридан 2024 йил октябригача ҳусийчилар Қизил денгизда 190 та ҳужум уюштирган. Хусийлар одатда Исроилга кетаётган кемаларни ўққа тутаётганини даъво қилади. Аммо ўққа тутилган кемаларнинг ҳаммаси ҳам яҳудий давлатига тегишли бўлмагани айтилади. 

Трамп бошқарган зарбалар

Кеча, 15 март куни АҚШ Қуролли кучлари Президент Дональд Трампнинг буйруғи билан Ямандаги ҳусийлар назорати остидаги ҳудудга оммавий зарбалар беришни бошлади. 

“Бугун мен Америка Қўшма Штатлари ҳарбийларига Ямандаги ҳусий террорчиларга қарши қатъий ва кучли ҳарбий чора кўришни буюрдим. Улар Америка ва бошқа давлатларнинг кемалари, самолётлари ва дронларига қарши қароқчилик, зўравонлик ва терроризмнинг тинимсиз кампаниясини олиб бормоқда. Террорчи ҳусийчиларга хабар бераман: сизнинг вақтингиз тугади. Сиз ҳужумларни тўхтатишингиз керак. Акс ҳолда, сизни ҳали ҳеч қачон бошдан кечирмаган дўзах азоби кутмоқда”, деб ёзган АҚШ Президенти.

Бунга жавобан эса ҳусийлар етакчиси Абдулмалик ал-Ҳусий АҚШнинг янги ҳужуми уларнинг ҳарбий салоҳиятини кучайтиришини айтиб, АҚШнинг ҳарбий кема ва самолётлари уларнинг қонуний нишони бўлиши ҳақида огоҳлантирди.

Ҳужум эса 15 март куни бошланди. “Al Hadath” телеканалининг хабар беришича, АҚШ Қуролли кучлари ҳаво ҳужумини шу куни тахминан соат 19:00 дан бошлаган ва ҳаракатлар нақд 10 соат давом этган. Зарбалар ҳусийлар назоратидаги пойтахт Сана, шунингдек, Ал-Байда, Ал-Ҳодейда, Саада, Ҳажжа ва Мариб вилоятларидаги нишонларга берилган. Ҳусийлар ҳаракати эса ўша пайтда тинч аҳоли объектлари нишонга олинаётганини даъво қилиб, кескинлашувга жавоб беришга ваъда берди.

Яман Соғлиқни сақлаш вазирлигининг дастлабки зарбалар оқибатида 31 киши ҳалок бўлгани, 100 дан ортиқ киши жароҳатланганини маълум қилди. Ҳусийчилар ўз баёнотида АҚШ ва Буюк Британияни пойтахт Сана аҳолисига қарши “ёвуз” тажовузда айблади. Чунки мазкур кенг кўламли ҳаво зарбаларидан олдинроқ АҚШ ва Британия ҳусийларга қарши ўзига хос коалиция тузганди. 

Бу орада Трамп Эронга ҳам жиддий сигнал берди. У расмий Теҳронни ҳусийчиларни қўллаб-қувватлашни тўхтатишга чақириб, Вашингтон Эронни “тўлиқ жавобгарликка тортиши” ҳақида огоҳлантиришга ҳам улгурди. Аммо шу пайтгача ҳусийларга берилган зарбалар ҳали жиддий эмаслиги, бу шунчаки огоҳлантирувчи сигнал эканига ишора қилинмоқда. Масалан, “The New York Times”нинг Америка расмийларига таяниб, хабар беришича, АҚШ Президенти Дональд Трамп ҳусийларга қарши кенг кўламли ҳарбий операция ўтказишга ҳозирча розилик бермаган.

Миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчилар томонидан тузилган режага кўра, кўпчилиги ер остида жойлашган ҳусий арсеналларига ҳаво ҳужумлари бир неча ҳафта давом этиши мумкин. Аммо сайлов кампанияси давомида янги ҳарбий аралашувларга йўл қўймасликка ваъда берган Трамп Яман шимолини ҳусийлардан тортиб олиши мумкин бўлган янада тажовузкор стратегияни ҳали маъқулламади.

Шундай бўлса-да, АҚШ ҳусийларга зарба беришда давом этди. 17 март куни Яманнинг Ходейда ва Жауф вилоятларига 6 марта ҳаво ҳужуми уюштирилди. “Al Masirah” телеканали маълумотларига кўра, АҚШ ҳарбий самолётлари Ҳодейда вилояти жойлашган Зебид шаҳридаги пахтани қайта ишлаш заводига иккита, Жауф вилоятининг Ҳазм шаҳридаги ҳукумат мажмуасига тўртта зарба берган. Ҳусийлар ҳаракати эса АҚШнинг зарбаларига жавобан Қизил денгизда жойлашган USS Harry Truman авианосецига 48 соат ичида уч марта зарба берганини маълум қилди. Бундан ташқари, ҳусийлар АҚШнинг эсминецига ҳам зарба бериб, унга битта қанотли ракета ва тўртта дрон юборган.


Мақола муаллифи

Теглар

АҚШ Эрон Дональд Трамп Яқин Шарқ Яман ҳусийлар

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг