Эроннинг Исроилга ҳалокатли жавоби яқинми?
Таҳлил
−
04 Ноябрь
67001 октябрь тунида Эрондан қасос сифатида Исроилга учирилган 400 дан ортиқ ракеталар можароси ҳали ҳам ёпилмади. 31 июль куни Теҳронда ҲАМАС раҳбари Исмоил Хониянинг ўлдирилишига нисбатан хун олиш ваъдаси форс етакчилари томонидан жуда узоқ пайсалга солинди. Мазкур воқеадан роппа-роса икки ой ўтиб, “Ҳизбуллоҳ” Бош котиби Ҳасан Насруллоҳ ва эронлик юқори мартабали генерали Аббос Нилфорушаннинг Исроил кучлари томонидан ҳалок этилиши Оятуллоҳ олдида қасос олишдан бошқа чора қолдирмади. Шу сабабли 1 октябрь кунида Исроил инсоният тарихидаги энг йирик баллистик ракета ҳужумига дучор бўлди. Воқеадан кўп ўтмай, яҳудий давлати Бош вазири Биньямин Нетаньяху ва бошқа бир қатор расмийлар Эронга қарши мисли кўрилмаган жавоб қайтарилишини ваъда қилди. Шу кундан бошлаб, энди қасос олиш ҳақидаги ваъда ва уни пайсалга солиш навбати Исроилга етди. Тез ва ҳалокатли бўлиши айтилган расмий Тель-Авивнинг қасос зарбаси мана 25 кун давомида амалга оширилмади. АҚШнинг рухсатисиз жиддий қадамлар ташлашга журъат эта олмайдиган Исроил бугунги кунга келиб, Нетаньяху бошчилигида анча ўзбошимча бўлиб қолган бўлса-да, Эронга жавоб бериш борасида мустақил қарор қабул қилишдан узоқ муддатга тийилди.
1 октябрь кунги ҳужум учун берилиши кутилган жавоб ҳам кўп эҳтимол шу омил туфайли чўзилиб кетди. Чунки Исроил ва АҚШ ўртасида мазкур масала юзасидан олиб борилган махфий ҳаракатлар режасига алоқадор ҳужжатларнинг оммага сизиб чиқиши оқибатида ҳужум кечиктирилгани айтилганди. 20 октябрь куни АҚШнинг CNN телеканали эҳтимолий жавоб зарбаси ҳақидаги 15-16 октябрдаги ҳужжатлар сизиб чиққанлиги бўйича тергов олиб борилаётгани ҳақида хабар қилди. Улар 18 октябрь куни “Middle East Operator”деб номланган Telegram аккаунти томонидан эълон қилинганидан кейин яшин тезлигида тарқала бошлаган. Ҳужжатларнинг сизиб чиқиши туфайли ҳужум стратегиясининг айрим элементлари ва таркибий қисмларини ўзгартириш зарурати туғилган. Шунинг учун жавоб зарбаси кечиктирилгани ва Исроил энди бошқа муқобил ҳужум режаси устида ишлашни бошлагани айтилди.
Воқеалар ривожи шу тариқа ўзгаргач, Исроил хавфсизлик ва бошқа бир қатор сабаблар туфайли АҚШ билан икки ўртадаги маълумотлар алмашинувини тўхтатгани ҳақида ҳам хабарлар тарқалди. Исроил Эрондан қай тарзда ўч олиши бўйича турли хил версиялар ўртага чиқди. Ядровий иншоотлар ва нефть базаларидан тортиб ҳарбий объектларгача бир қанча вариантлар янграй бошлади. Ташқи кучлар ва Эрондаги олий ҳокимиятнинг мамлакат ичидаги ядровий объектларга зарба йўллаш жуда оғир бадал тўланишига сабаб бўлиши ҳақидаги сигналларидан сўнг Исроил учун энг қулай ва хавфсиз танлов чекланган диапазондаги қасос операцияси бўлиб қолаётганди. Агар яҳудий давлати шундай йўл тутадиган бўлса, бунда улар шунчаки форсларнинг ҳарбий базаларини нишонга олиш билан можаро дафтарини ёпиши мумкин эди. Аммо можародаги иккинчи томон бўлмиш Эроннинг ҳам ўз айтадигани бор эди. Хусусан, олий раҳнамо Оятуллоҳ Али Хоманаий Эрон ҳарбийларига Исроилнинг потенциал ҳужуми учун жавоб сценарийларини ишлаб чиқишни буюрди.
“The New York Times”нинг Ислом инқилоби қўриқчилари корпусидаги манбалари Эроннинг кейинги қадамлари Исроил потенциал зарбасининг кўламидан келиб чиқилишини маълум қилди. Уларнинг сўзларига кўра, агар Исроил ўз ҳужумини фақат ҳарбий базалар ва улардаги омборларга қаратса, Эрон жавоб бермасликни афзал кўриши мумкин эканлиги айтилаётганди. Бироқ яҳудий давлатининг ҳаво ҳужуми катта қурбонлар ва вайронагарчиликларга сабаб бўлган ҳолда Ислом республикаси ҳудудидаги ядровий иншоотлар, нефть ёки энергетика инфратузилмасига зарар етказгудек бўлса, расмий Теҳроннинг жавоби ҳалокатли бўлиши шипшитилди. Бундай ҳол юз берган тақдирда, Эрон ҳарбий тузилмасида бир қанча чораларни амалга ошириш режалари ишлаб чиқилгани айтилди. Жумладан, Эроннинг жавоб сценарийси Исроил ҳудудига 1000 тагача баллистик ракеталарини учириш, Теҳрон томонидан қўллаб-қувватланадиган қаршилик ҳаракати ўқлари, хусусан, “Ҳизбуллоҳ”нинг ҳужумлари ва Форс кўрфази ҳамда Ҳормуз бўғози орқали амалга ошириладиган юк ташиш жараёнининг блокланишини ўз ичига олиши мумкин эди. Бироқ нима бўлганда ҳам аслида Эрон мазкур воқеалар умуман рўй бермаслигидан манфаатдорлиги айтилди. Ислом Республикаси ҳукуматига яқин сиёсий таҳлилчи Носир Имани Эрон аслида Исроил билан катта уруш олиб боришни истамаслиги, чунки у минтақадаги кескинликнинг ўсишидан ҳеч қандай фойда кўрмаётганини таъкидлади. Аммо….
4-роунд
26 октябрь саҳар соатларида Исроил Мудофаа кучлари Эронга ҳаво ҳужуми йўллади. Исроил Эронга тунги ҳужум пайтида 100 дан ортиқ ракета учирган. Зарбалар форс мамлакатидаги ҳарбий объектларга берилган. Ҳужум бевосита Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяху ва Мудофаа вазири Йоав Галант назорати остида ўтган. “The Jerusalem Post” газетасига кўра, Исроил Эрон ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимларини “кўр қилиш” учун Суриядаги радарларга дастлабки зарбалар берган. Оқ уй Исроил ўзини ҳимоя қилиш мақсадида Эрондаги ҳарбий объектларга зарба бераётганини билдирди ва бу ҳужумларда АҚШнинг қўли йўқлигини иддао қилди.
“Sky News Arabia” нашри эса Россия Исроил ҳужумидан бир неча соат олдин Эронни хабардор қилганини маълум қилди. Унга кўра, Россия Эронга разведка маълумотларини тақдим этган ва бу форс давлати учун вазиятнинг бирмунча енгил ҳал қилинишига кўмаклашган. Маҳаллий форс матбуотининг ёзишича, ракеталарнинг аксарияти пойтахтдан 20-60 км узоқликда ҳаво ҳужумидан мудофаа воситалари томонидан тутиб олинган.
Теҳрон осмонида тинимсиз ҳаво ҳужумидан мудофаа тизими ишга тушган. Исроил ядровий иншоотлар ёки нефть инфратузилмасига эмас, фақат Эрондаги ҳарбий нишонларга зарба берган. Эрон бош штаби баёнотига кўра, Исроил ракеталарни учиришда Эрон чегарасидан 100 километр узоқликдаги Ироқнинг АҚШ армияси назоратидаги ҳудудидан фойдаланган. Маълумотларга кўра, Исроил ҳаво-ер туридаги ракеталардан фойдаланиб, Эроннинг учта вилоятидаги радиоалоқа станцияларига зарба беришга уринган. Илом, Ҳузистон ва Теҳрон вилоятларидаги бир нечта чегарада жойлашган радиоалоқа станцияларига ўрта масофали ҳаво-ер ракеталари йўналтирилган бўлиб, улар енгил портловчи жанговар каллаклар билан жиҳозланган.
Аммо “The New York Times” нашри ҳужум борасида бироз бошқача тафсилотларни эълон қилди. Нашрнинг билдиришича, Исроил Эрондаги муҳим энергия объектлари атрофидаги ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимларини атайлаб нишонга олган ва уларга тўғридан тўғри зарба берган. Эрон ва Исроил Мудофаа вазирлигининг уч расмийси нашрга маълум қилишича, Исроил кучлари нишонлари Хузистон вилоятидаги Бандар Имом Хомайний нефть-кимё мажмуаси, Бандар Имом Хомайний порти, Абадан нефтни қайта ишлаш заводи, Илом вилоятидаги газ кони ва бошқа ҳаво ҳужумидан мудофаа объектларини қамраб олган. Эрондаги NYT манбаларининг таъкидлашича, Исроилнинг ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимларининг йўқ қилингани Теҳронда чуқур хавотир уйғотган, чунки Теҳрон ҳозирда муҳим энергетика объектларига келажакда юзага келиши мумкин бўлган ҳужумлар олдида заиф экани таъкидланган.
Ракета ҳужуми оқибатида инсон ҳаёти билан боғлиқ фатал оқибатлар ҳам келиб чиққан. Хусусан, Эрон қуролли кучлари Исроил зарбалари ортидан 4 нафар ҳарбий ҳалок бўлганини тасдиқлаган бўлса, маҳаллий манбалар бунга қўшимча тарзда бир фуқаро ҳам ўлгани ҳақида хабар берди. Ҳужумдан сўнг қатор давлатлар можаро юзасидан ўз позицияларини эълон қилган ҳолда, бу борада тезкор баёнет билан чиқди. Саудия Арабистони, Уммон Султонлиги, Покистон, БАА, Иордания, Қувайт ва Ироқ каби давлатлар Эронга қарши ҳарбий ҳужумларни кескин қоралади. Улар Исроилнинг бу ҳаракатлари Эроннинг суверенитети ҳамда халқаро ҳуқуқ нормаларига зид эканини таъкидлади. Ғарбнинг етакчи давлатлари, хусусан, АҚШ ва Буюк Британия эса доимгидек, Исроилнинг бу ҳужумини ўзини ҳимоя қилиш ҳуқуқи билан изоҳлади. АҚШ Миллий хавфсизлик кенгаши вакили Шон Саветт Исроилнинг жавоб ҳужуми ўзини мудофаа қилиш ҳаракати бўлгани ва бу фақат ҳарбий нишонларга қаратилиб, аҳоли пунктларидан четда амалга оширилганини таъкидлади. У, шунингдек, Эронни Исроилга қарши ҳужумларини тўхтатишга чақирди.
Пентагон матбуот котиби Патрик Райдер АҚШ Мудофаа вазири Ллойд Остин Исроилдаги мавқедоши Йоав Галант билан суҳбатлашгани ва АҚШнинг Исроил хавфсизлиги ва ўзини мудофаа қилиш ҳуқуқига бўлган кучли мажбуриятини яна бир бор тасдиқлаганини маълум қилган. Буюк Британия Бош вазири Кир Стармер ҳам Эронни Исроил ҳужумларига жавоб бермасликка чақириб, барча томонларни ўзини тийишга чақирди.
Бу орада “Axios” портали Исроил ўз ҳужуми ҳақида Эронни огоҳлантириб, потенциал нишонлар ҳақида олдиндан хабар бергани ҳақида хабарлар тарқатди. Бироқ Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяхунинг матбуот хизмати Исроил томони Эрон ҳудудига тунги ҳаво ҳужуми арафасида учинчи шахслар орқали Теҳронни огоҳлантиргани ҳақидаги хабарларни рад этди. Агар ҳужумдан олдин Россия Эронга разведка маълумотларини узатгани ва Эроннинг бунга нисбатан жавоби реал бўлса, ракета зарбалари шунчаки кўз бўямачилик учун уюштирилмаганига маълум даражада ишонса бўлади. Аммо Эрон 26 октябрдаги ҳужумга яқин кунлар ичида ёки умуман жавоб бермаса, бу ҳолда Исроил томонидан отилган 100 та ракета шунчаки зарбалар алмашинуви ва ҳукуматларнинг ўз халқи олдида ҳужумга ҳужум билан жавоб бериш ҳақидаги ваъдаси ўлароқ берилган деган хулосаларга олиб келади.
Жавоб зарбаси қачон бўлиши мумкин?
Можаро ўртасида шундай қарашлар авж олган маҳал Эрон Президенти Масъуд Пезешкиён Эрон халқи ва Исроил ҳужумида ҳалок бўлган ҳарбийларнинг оила аъзоларига ҳамдардлик билдириб, расмий Теҳрон Исроил ҳужумига мувозанатли ва ўйланган тарзда жавоб қайтаришини маълум қилди. Бундан ташқари, олий раҳнамо Оятуллоҳ Али Хоманаий 28 октябрь куни Миллий хавфсизлик олий кенгашига Исроилга қарши жавоб зарбаси режасини тайёрлашни буюрган ва республика ҳарбий қўмондонлиги Исроил ҳудудидаги ўнлаб ҳарбий нишонлар рўйхатини тузишни бошлаган. Бу орада Эрон парламенти Исроилга ҳарбий жавоб қайтариш тўғрисида қарор ҳам қабул қилди.
Парламентнинг Миллий хавфсизлик қўмитаси аъзоси Сардор Косарининг маълум қилишича, Эроннинг Исроил зарбасига жавоби аввалги жавоблардан анча кучли бўлади ва “қаршилик ўқи” кучлари иштирокида амалга оширилади. Бу эса Эрон томонидан қўллаб-қувватланадиган Яқин Шарқдаги қаршилик гуруҳлари Исроилга жавоб бериш учун Эрон Қуролли кучлари билан бирлашишини англатади. “Қаршилик ўқи” деганда, Косари кўп эҳтимол фақатгина “Ҳизбуллоҳ”га ишора қилган бўлиши мумкин, чунки ҲАМАС айни дамда бундай ҳаракатлар учун ожизлик қилиши мумкин. Мулозимнинг билдиришича, мазкур жавоб 1 октябрда Эрон томонидан Исроилга қаратилган “Тўғри ваъда – 2” операцияси, яъни бир неча юзлаб ракета зарбаларидан анча кучли бўлади. Парламент бу юзасидан қарор қабул қилган, ҳужумнинг аниқ санаси ва вақтини эса Қуролли кучлар белгилайди.
Агар Эроннинг жавоби аниқ бўлса, у қачон, қай тарзда ва қандай геосиёсий шароитда амалга оширилиши юзасидан манбаларнинг тахмини асосан иккига бўлинган. Масалан, “Axios” Исроил разведкасига таяниб, Эрон яҳудий давлати томонидан амалга оширилган ҳужумга жавобан Ироқ ҳудудидан жиддий зарба бериши ва бу АҚШда 5 ноябрга белгиланган президентлик сайловлари олдидан кўплаб дронлар ва баллистик ракеталар ёрдамида амалга ошириши мумкинлиги ҳақида хабар берди. Эрон зарбани Ироқ ҳудудидан амалга оширишни танлагани эса ўзининг стратегик объектларига нисбатан Исроил жавоб ҳужумидан қочишга уриниш сифатида талқин қилинмоқда. Аммо NYT ўз манбаларига таянган ҳолда Эроннинг жавоб зарбалари 5 ноябрь куни бўлиб ўтадиган АҚШ президентлик сайловларидан кейин уюштирилиши режалаштирилганини маълум қилди. Бунга эса Эрон сайлов арафасида Дональд Трамп Яқин Шарқдаги кескинликнинг кучайиши фонида вазиятни ўз томонига оғдириб олишидан манфаатдор эмаслиги сабаб сифатида кўрсатилмоқда.
АҚШ ва Россия ўз “доналарини” ажратиб олди
Минтақадаги сиёсий вазият тобора кескинлашиб борар экан, Эрон ва Исроил ўртасидаги можаро атрофидаги ташқи кучлар ҳам икки қирғоққа тизилаётгандек таассурот уйғотмоқда. Хусусан, 31 октябрь куни Евросиё хавфсизлиги бўйича Минск халқаро конференциясида Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров Россия ва Эрон ўртасида яқин келажакда янгиланган ҳамкорлик шартномаси имзоланишини маълум қилди. Лавров битимда мудофаа масалаларига алоҳида эътибор берилишини таъкидлади. Унга кўра, томонлар минтақавий ва глобал даражада тинчлик ва хавфсизлик манфаатлари учун мудофаа соҳасида янада яқинроқ ҳамкорлик қила бошлайди.
Қўшма Штатлар эса қўллов борасида аллақачон амалий ҳаракатларни кучайтира бошлади. АҚШ ҳарбий кучлари раҳбарияти минтақага йирик ҳажмдаги қуроллар тўпламини юбориш орқали Эронга босим ўтказишга киришди. Жумладан, 1 ноябрь куни Пентагон матбуот котиби Патрик Райдер Яқин Шарқ минтақасига қўшимча ракеталарга қарши мудофаа эсминецлари, қирувчи отрядлар ва танкер самолётлари, шунингдек, Ҳарбий-ҳаво кучларининг бир нечта узоқ масофали зарба берувчи B-52 бомбардимончи самолётларининг юборилишини эълон қилди. Унинг сўзларига кўра, ушбу чора асосида минтақадаги АҚШ кучлари ва фуқаролари ва Исроилни ҳимоя қилиш билан бирга Эронни жавоб қайтаришдан тийиш ва дипломатия йўли билан вазиятни юмшатиш кўзланган.
“Ҳаракатлар АҚШнинг глобал мудофаа позициясининг мослашувчан хусусиятини ва миллий хавфсизликка ўзгарувчан таҳдидларни бартараф этиш учун қисқа вақт ичида бутун дунё бўйлаб кучларни жойлаштириш қобилиятини намойиш этади”, дея таъкидлади Райдер.
Пентагон раҳбари Ллойд Остин эса агар Эрон, унинг шериклари ёки ишончли вакиллари америкаликлар ёки АҚШнинг минтақадаги манфаатларига ҳужум қилиш учун фурсатдан фойдаланса, Вашингтон “ўз халқини ҳимоя қилиш учун барча зарур чораларни кўришини”, қатъий таъкидлади.
LiveБарчаси