Байден Пентагонга Украинага қурол етказиб беришни тезлаштиришни буюрди
Олам
−
09:03
1834АҚШнинг амалдаги Президенти Жо Байден Россиянинг Рождество кечаси Украинанинг энергетика инфратузилмасига ҳужумини “даҳшатли” деб атади ва Пентагонга Киевга фаол қурол етказиб беришни давом эттиришни буюрди. Бу ҳақда Оқ уй матбуот хизмати хабар берди.
“Сўнгги ойларда Қўшма Штатлар Украинага юзлаб ҳаво ҳужумидан мудофаа ракеталари билан таъминлади ва яна кўп ракеталар йўлда. Мен Мудофаа вазирлигига Украинани фаол равишда қурол-яроғ билан таъминлашни давом эттиришни буюрдим ва Қўшма Штатлар Россия кучларига қарши мудофаа бўйича Украина позициясини мустаҳкамлаш учун тинимсиз меҳнат қилишда давом этади", деди Байден.
Америка Президентининг таъкидлашича, Россиянинг оммавий ҳужумидан мақсад "Украина халқини қишда иссиқлик ва электр энергиясидан маҳрум қилиш ва мамлакат энергетика тизими хавфсизлигига таҳдид солиш".
"Украина халқи тинчлик ва хавфсизликда яшашга лойиқдир, АҚШ ва халқаро ҳамжамият Украина Россия агрессиясини мағлуб этмагунча уни қўллаб-қувватлашда давом этиши керак", деди президентлик муддати 20 январда тугайдиган 82 ёшли Жо Байден.
Қайд этиш жоиз, Ғарб насронийлари Рождество байрамини нишонлаган 25 декабрь куни эрталаб Россия Украинани оммавий ўққа тутди. Россия қўшинлари Украина ҳудудига 70 дан ортиқ баллистик ракеталар ва 100 та ҳужумчи дронларни учирди.
“Ҳар бир йирик рус зарбаси тайёрланиш учун вақт талаб этади. Бу ҳеч қачон спонтан қарор эмас. Бу нафақат мақсадларни, балки вақт ва санани ҳам онгли равишда танлашдир. Бугун Путин ҳужум қилиш учун атайлаб Рождество байрамини танлади. Бундан ғайриинсонийроқ нима бўлиши мумкин?" деди Украина Президенти Владимир Зеленский.
Украина энергетика вазири Герман Галушченконинг сўзларига кўра, Украинада электр энергияси истеъмолига чекловлар жорий этилган.
Эслатиб ўтамиз, Рождество кечаси, 24 декабрь куни кечқурун Кривой Рогга ракета зарбаси берилган, бунинг оқибатида Украина фавқулодда вазиятлар давлат хизмати маълумотларига кўра, бир киши ҳалок бўлган, яна 17 киши, жумладан, икки бола яраланганди.
LiveБарчаси