Эронлик футболчи “Интер” клуби аъзосига айланди

Спорт

image

Италиянинг “Интер” клуби “Порту”нинг 31 ёшли ҳужумчиси Меҳди Тареми билан шартнома имзолади. Бу ҳақда клуб матбуот хизмати хабар берди.

Эронлик футболчининг Португалия клуби билан шартномаси ўтган мавсум охирида якунига етди ва у эркин агент сифатида “Интер”га ўтди.

Тареми 2018 йилда Қатар клубига кўчиб ўтгунга қадар Эроннинг бир қатор жамоаларида фаолият юритган.  У “Ал-Гарафа”да икки мавсум ўйнагач, Европага кўчиб ўтди ва Португалиянинг “Риу Аве” клуби билан шартнома имзолади. Айнан ўша ерда “Порту” скаутлари унинг хизматларига қизиқиш билдирди ва бир йилдан сўнг пойтахт клуби Таремини 4,7 миллион еврога сотиб олди.

Ҳужумчи “Порту” либосида 182 та ўйин ўтказиб, 91 та гол урди ва 44 та голга ассистентлик қилди. Ўтган мавсумда Тареми камроқ ўйин амалиётига эга бўлди ва клуб билан шартномасини узайтирмади.

Меҳди Тареми Эрон терма жамоаси тўпурарлари рўйхатида 3-ўринни эгаллаб турибди. У 2015 йилдан буён миллий терма жамоа сафида тўп суради ва 85 ўйинда 50 та гол урди.  

Қайд этиш жоиз, Тареми “Интер” тарихидаги биринчи эронлик футболчи бўлди. Таремининг шартномаси 2027 йилгача мўлжалланган ва унинг маоши қўшимча бонуслар билан йилига 3 миллион еврони ташкил қилади.


Мақола муаллифи

Теглар

Интер Меҳди Тареми

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг