Эрондаги операция тез орада якунланади – Трамп
Олам
−
08:58 2956 2 дақиқа
АҚШ Президенти Дональд Трамп Эрон билан боғлиқ ҳарбий операция яқин ҳафталарда якунланишини маълум қилди. Бу ҳақда у NBC News нашрига берган интервьюсида сўз очди.
Унинг айтишича, АҚШ ўз олдига қўйган мақсадларга эришган ва операция яна тахминан 2–3 ҳафта давом этади, шундан сўнг АҚШ кучлари ҳудудни тарк этади.
“Биз яна икки-уч ҳафта давом этамиз, кейин чиқиб кетамиз, чунки бунга бошқа сабаб йўқ”, деган Оқ уй раҳбари.
Трамп шунингдек, Эронда ҳокимият алмашганини айтди. Унга кўра, АҚШнинг асосий мақсади режимни ўзгартириш эмас, балки Эроннинг ядро қуролига эга бўлишига йўл қўймаслик бўлган ва бу мақсадга эришилган.
“Режим алмашинуви менинг мақсадим эмас эди. Менда битта мақсад бор эди – уларда ядро қуроли бўлмаслиги. Ва бу амалга ошди”, деган Трамп.
У ҳозирда Эрон билан музокаралар олиб борилаётганини ҳам қўшимча қилган.
Бундан ташқари, Трамп АҚШ Ҳормуз бўғозидаги вазиятга аралашмаслигини таъкидлаган. Унинг сўзларига кўра, бошқа давлатлар, масалан, Франция ўзлари бу ҳудуд орқали нефть ва газ ташишни мустақил ҳал қилиши мумкин.
“Биз тез орада чиқиб кетамиз. Ким нефть ёки газ олишни истаса, ўзи ўтади ва ўзини ўзи ҳимоя қилади. Биз бу масалага аралашмаймиз”, деган Оқ уй раҳбари.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ АҚШ Президенти маъмурияти вакилларига таяниб, “The Wall Street Journal” нашри Дональд Трамп ўз ёрдамчиларига АҚШнинг Эронга қарши ҳарбий кампаниясини, ҳатто Ҳормуз бўғози ёпиқ қолган тақдирда ҳам якунлашга тайёрлигини маълум қилганди.
Live
Барчаси