Эронда миллий валюта янгиланиши мумкин
Олам
−
21 Декабрь
2930Эрон Президенти Масъуд Пезешкиён парламентга миллий валютани янгилаш, яъни кескин қадрсизланаётган эрон риёли ўрнига туман валютасига ўтиш бўйича қонун лойиҳасини тақдим этди. Бу ҳақда “Tasnim” хабар берди.
Қайд этилишича, пул ислоҳотининг таркибий қисми сифатида миллий валютани 10 000:1 нисбатида деноминациялаш режалаштирилган. Яьни, банкноталардан ортиқча 4 та ноль олиб ташланади. Депутатларга бугун, 21 декабрь луни тақдим этилган қонун лойиҳаси аслида ҳукумат томонидан 2019 йилнинг июль ойида, мамлакат президенти Ҳасан Руҳоний даврида маъқулланган.
Эрон ҳукумати деноминацияни иложи борича тезроқ амалга ошириш зарур деб ҳисобламоқда. Бунинг сабаби эрон риёлининг бозор курси кескин равишда қадрсизланиб кетганида. 19 декабрь куни риёлнинг курси АҚШ долларига нисбатан тарихий минимумга тушиб, 1 доллар учун 777 минг риёлни ташкил этди. Шу билан бирга, 2017 йилдан бери Эрон Марказий банкининг расмий курси деярли ўзгармаган – 1 доллар учун 420 минг риёл даражасида қолмоқда. Бу ҳолат экспортчилар учун муаммоларни юзага келтирмоқда, чунки улар хорижда олинган даромадни расмий курс бўйича риёлга алмаштиришга мажбур бўлмоқда.
Эрон валютасининг қадрсизланиши геосиёсий танглик ва Теҳронга қарши Ғарб санкцияларининг салбий таъсири, шунингдек, мамлакатда давом этаётган энергетика инқирози билан боғлиқ. Энергетика муаммолари айниқса совуқ мавсумда кучайган.
Риёлнинг қадрсизланишига асосий сабаб сифатида инфляция даражасининг юқорилиги келтирилмоқда. 2020 йилдан бери Эрон инфляцияси 40-50 фоиз атрофида сақланиб келмоқда. Ислом Республикаси Марказий банки маълумотларига кўра, жорий йилнинг 20 декабрь ҳолатида инфляция даражаси 37,3 фоизни ташкил қилмоқда. Аҳоли эса ўз жамғармаларини асосан олтин тангаларда сақлашни афзал кўрмоқда, чунки олтин тангалар Эрон бозорида юқори талабга эга. Туман 1979 йил Ислом инқилобидан аввал Эроннинг расмий валютаси бўлган. Ҳозирда эронликлар ҳисоб-китобларни қулай қилиш мақсадида 1 туманни 10 риёлга тенг деб белгилашади.
Эрон иқтисодчилари пул ислоҳоти мамлакат иқтисодиётидаги асосий муаммоларни ҳал қила олмаслигини таъкидламоқда. Улар иқтисодий ўсиш учун асосий туртки сифатида Ғарб санкцияларининг бекор қилинишини кўрмоқда. Ташқи ишлар вазирлиги бу борадаги музокараларни АҚШнинг сайланган президенти Дональд Трамп 2025 йилнинг январида лавозимга киришганидан кейин фаоллаштиришни режалаштирмоқда. Бироқ янги америкалик етакчи Исроилни шартсиз қўллаб-қувватлаш ва Эрон билан қуролли можаро эҳтимолини инкор қилмаслик ҳақида эълон қилгани сабабли Эрон устидан санкцион босимнинг кучайиши хавфи сақланиб қолмоқда.
LiveБарчаси