Эронда жосусликда айбланган британиялик жуфтлик қўлга олинди
Олам
−
19 Февраль
3352Жорий йилнинг январь ойида Эроннинг Кирмон вилоятида ҳибсга олинган британиялик Крейг ва Линдси Форманлар жосусликда айбланмоқда. Бу ҳақда BBC хабар берди.
Маълумотларга кўра, эр-хотин бутун дунё бўйлаб мотоциклда саёҳат қилиб, 30 декабрь куни Арманистондан Эронга ўтган. Эрон ҳукумати томонидан жосусликда айблангунга қадар, улар мамлакатда беш кун қолишни режалаштирган. Форманлар январь ойида Эроннинг Кирмон шаҳрида ҳибсга олинган бўлса-да, бироқ уларнинг хавфсизлик юзасидан қамоққа олинганлиги ҳақидаги хабар ўтган ҳафта пайдо бўлди.
Мамлакат суд ҳокимияти вакили Асғар Жаҳонгирнинг айтишича, жуфтлик “52 ёшли эр-хотин сайёҳлар” ниқоби остида Эронга кирган ва мамлакатнинг кўплаб вилоятларида маълумот тўплаган.
Докторлик даражасига эга психолог Линдси Форман ҳибсга олинишидан олдин ижтимоий тармоқлардаги постларида янги ҳаёт бошлаш учун Британиядан кўчиб кетаётганлиги ҳақида ёзган.
“Бу шахслар тадқиқот ва саёҳат баҳонасида душман ва Ғарб давлатларининг разведка хизматларига алоқадор ташкилотлар билан ҳамкорлик қилишган. Улар разведка идоралари томонидан кузатилди ва кейинчалик режалаштирилган операция доирасида ҳибсга олинди” , дейди Асғар Жаҳонгир.
Кирмон вилояти бош судьяси Ҳожатулислом вал-Муслимин Ҳамидийнинг сўзларига кўра, бу шахсларнинг разведка хизматларига алоқадор бир қанча муассасалар билан алоқаси тасдиқланган ва қўшимча текширувлар давом этмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Исроилнинг Ашкелон шаҳрида истиқомат қилувчи Моти Маман Эрон разведкаси билан ҳамкорлик қилганликда гумонланиб, ҳибсга олинганлиги ҳақида хабар берилган эди.
Бунёд Келдибоев
LiveБарчаси