Эронда Исроил фойдасига жосусликда айбланган тўрт киши қатл қилинди
Олам
−
29 Январь
4267Эронда тўрт киши Исроил фойдасига жосуслик қилиш ва республика миллий хавфсизлигига путур етказиш мақсадида террорчилик гуруҳи тузишда айбланиб қатл этилди. Бу ҳақда Эрон Разведка вазирлигига таяниб, “Mehr” агентлиги хабар берди.
Бугун, 29 январь куни эрталаб Моссадга алоқадор гуруҳнинг тўрт нафар аъзосига нисбатан ўлим ҳукми ижро этилган. Улар мамлакатга Ироқ орқали кириб келган бўлиб, 2023 йилда Исфахон вилоятининг Нажафобод шаҳридаги ракета заводига портловчи мослама ўрнатиш бўйича операция ўтказганликда гумонланиб, ҳибсга олинган.
Таъкидланишича, гуруҳ аъзолари Моссад томонидан Комала ташкилотининг юқори мартабали аъзоси орқали ёлланган. Эрон ҳуқуқ-тартибот идоралари вакилларининг сўзларига кўра, улар Африканинг бир қатор давлатларидаги ўқув лагерларида ўқитиш чоғида Моссад раҳбари Девид Барнеа билан учрашган.
2023 йилнинг 17 сентябрь куни Эрон инқилобий суди гуруҳ аъзоларини Исроил разведкаси билан ҳамкорлик қилиш ва террорчилик гуруҳи тузишда айблаб, ўлимга ҳукм қилди. Эрон Олий суди апелляцияни рад этиб, инқилобий суд ҳукмини тасдиқлади.
Эслатиб ўтамиз, ўтган йил охирида ҳам Эронда Исроил разведка хизмати Моссадга ишлаганликда айбланиб, 4 киши қатл этилганди. Январь ойи ўрталарида эса Эроннинг Караж шаҳри марказий қамоқхонасида бир суткада 11 маҳбус, Хуррамобод вилоятининг Парсилун қамоқхонасида бир маҳбус дорга осилганди.
LiveБарчаси