Эронда Германия фуқароси қатл этилди

Олам

image

Германия фуқаролигига эга бўлган эронлик Жамшид Шармаҳд ҳибсда қатл этилди. Бу ҳақда кеча, 28 октябрь куни Эроннинг расмий адлия портали “Misan” хабар берди.

Аниқлик киритилишича, қатл эрталаб содир бўлган, Эронда ўлим жазоси одатда осиш орқали амалга оширилади.

Мухолифатдаги Христиан-демократик иттифоқ/Христиан ижтимоий иттифоқ блокидан Германия канцлери лавозимига номзод Фридрих Мерц Эрон ҳукумати томонидан “ўта даҳшатли жиноят” содир этилганини эълон қилди.

“Эрон режими яна бир бор ўзининг ғайриинсоний характерини намойиш этди. Эрон билан "сокин дипломатия" ёндашуви муваффақиятсизликка учради”, деди сиёсатчи.

У Германия ҳукуматини воқеага "қатъий" жавоб беришга чақирди.

Германия Ташқи ишлар вазири Анналена Бербок қатлни қоралади. Унинг айтишича, муаммони ҳал қилиш учун бир неча бор Эронга юқори даражадаги гуруҳ юборилган.

“Биз Теҳронга Германия фуқаросининг қатл этилиши жиддий оқибатларга олиб келишини бир неча бор тушунтирганмиз”, деди Бербок. 

Ҳуқуқ ҳимоячилари ва айниқса, Шармаҳднинг АҚШда яшовчи қизи охиригача маҳкумни қутқариш учун курашди. Шармаҳднинг яқинларига кўра, у сўнгги бир неча йил давомида АҚШда яшаб келган ва 2020 йилда Дубайда бўлган вақтида Эрон разведкачилари томонидан ўғирлаб кетилган. Теҳрон уни Эронда террорчи ташкилот сифатида тан олинган “Тондар” мухолифат гуруҳи раҳбари деб ҳисоблаган. 

“Эркак 2020 йилдан бери ҳибсда ва шу вақт ичида ўзи танлаган адвокатдан фойдалана олмаган. Бундан ташқари, Эрон расмийлари Германия фуқаролигига қарамай, Шармаҳдга консуллик киришига рухсат бермаган”, дейилади Европа Иттифоқининг мазкур масала бўйича баёнотида.

Эслатиб ўтамиз, 2023 йил февраль ойида Эрон суди Жамшид Шармаҳдни “Ердаги коррупция” жиноятида айбдор деб топиб, уни ўлим жазосига ҳукм қилганди.

Шундан сўнг, Германия Ташқи ишлар вазирлиги ўлим ҳукми муносабати билан Эроннинг муваққат ишлар вакилини чақиртирди, шунингдек, Эрон элчихонасининг икки ходимини номақбул шахслар деб эълон қилди. Германия канцлери Олаф Шольц ҳам ҳукмни танқид қилиб, уни қабул қилиб бўлмас деб атади.  Эрон эса Германияни “терроризмни қўзғатишда” ва мамлакат ички ишларига аралашишда айблади. Апрель ойида Эрон Олий суди терроризмда айбланган Шармаҳдга нисбатан чиқарилган ўлим жазосини ўз кучида қолдирди.

Жасмина Расулова


Мақола муаллифи

avatar

.

Теглар

Германия Эрон

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг