Эронда ҳижоб ўраш дронлар билан кузатила бошланди – ОАВ

Олам

image

Эрон ҳижоб ўраш қоидаларига риоя қилинишини дронлар ва видеокузатув камералари ёрдамида назорат қилишни бошлади. Бу ҳақда “The Independent” нашри хабар берди.

БМТ терговчилари берган маълумотларга кўра, Эрон ҳукумати ҳижоб ва одоб-ахлоқ қоидаларига риоя қилмаган шахсларни аниқлаш учун юқори технологияларга тобора кўпроқ таянмоқда.

2022 йилда мамлакат бўйлаб Маҳса Аминининг вафоти ортидан оммавий норозилик намойишлари авж олган эди. У ҳижобни нотўғри ўрагани учун қўлга олинган ва гувоҳларнинг таъкидлашича, полиция бўлимида калтакланган, оқибатда у вафот этган. Сўнгги уч йил ичида эса ушбу қоидалар устидан назорат янада кучайтирилди.

Хабарларга кўра, Эрон аёллари ва қизлари ҳижобни мажбурий ўраш масаласида нафақат амалий, балки қонуний жиҳатдан ҳам тизимли дискриминацияга дуч келишда давом этмоқда. Бу айниқса, уларнинг кундалик ҳаётининг барча жабҳаларида сезилмоқда. Масалан, Теҳрон Амир Кабир университетида ҳижобсиз юрган аёлларни аниқлаш учун юзни таниб олиш тизими ўрнатилган. Тахминларга кўра, шаҳар кўчаларидаги кузатув камераларида ҳам шундай дастур ишлатилади.

Янги чоралар қаторига аёлларни жамоат жойларида кузатиш учун дронлардан фойдаланиш ҳам киритилган. Бундан ташқари, назорат қилиш воситаларидан яна бири – “Назер” деб номланган махсус илова бўлиб, у Эрон полицияси томонидан ишлаб чиқилган. Бу илова орқали фуқаролар транспорт воситаларида, жумладан метро, такси ва тез ёрдам машиналарида кийиниш қоидалари бузилган ҳолатлар ҳақида хабар беришлари мумкин. Иловада қоидабузарлик содир бўлган жой, сана, вақт ва транспорт воситасининг давлат рақами кўрсатилиши лозим. Шундан сўнг, бу автомобиль махсус онлайн базада белгилаб қўйилади ва полицияга автоматик равишда хабар юборилади. Автомобиль эгасига реал вақт режимида қонун бузилиши ҳақида огоҳлантириш келади, агар бу талабга эътибор берилмаса, транспорт воситаси мусодара қилинади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Эрон ҳукумати амалдаги қоидаларни бузган ҳолда жамоат жойларида ҳижоб ўрамайдиган аёлларга ёрдам бериш учун махсус клиникалар очиш ниятида эканини маълум қилганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Эрон ҳижоб

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг