Эронда ҳижоб ўрамаган аёллар учун руҳий шифохона очилади
Олам
−
17:14
889Эронда ҳижоб ўраш қоидаларини бузган аёллар учун махсус “клиника” очилиши эълон қилинди. Бу ҳақда “Iran International” хабар берди.
Унга кўра, Эрон ҳукумати амалдаги қоидаларни бузган ҳолда жамоат жойларида ҳижоб ўрамайдиган аёлларга ёрдам бериш учун махсус клиникалар очиш ниятида эканини маълум қилган.
“Ушбу марказ, айниқса, ижтимоий ва исломий ўзликни излаётган ўсмирлар, ёшлар ва аёлларни ҳижобни ечишни илмий ва психологик жиҳатдан даволаш учун ташкил этилади”, деди хотин-қизлар ва оила масалалари бўлими бошлиғи Меҳри Толебий.
У клиникага ташриф буюриш ихтиёрий бўлишига ишонтирди.
Клиникани тўғридан тўғри олий раҳбар Оятуллоҳ Али Хоманаий томонидан тайинланган Муҳаммад Солиҳ Ҳошимий Голпаегани бошқаради.
Айни пайтда мамлакат парламенти ҳижоб кийиш қоидаларини кучайтирувчи қонунни кўриб чиқмоқда – унга кўра, бир марталик қоидабузарлик учун расмийлар тахминан 50 доллар, такрорий қоидабузарлик учун эса 400 долларгача жарима солмоқчи.
Эроннинг янги Президенти Масъуд Пезешкиён мажбурий ҳижобни қўллаб-қувватламайди, аммо бу масалада Эрон олий раҳнамоси Оятуллоҳ Али Хоманаий каби ваколатларга эга эмас.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Эронда 16 ёшли Арезо Хавари рўмол ўрамагани ва ўқишдан четлаштириш таҳдиди туфайли мактаб раҳбарияти билан келишмовчиликдан сўнг ўз жонига қасд қилганди. Қайд этилишича, қиз олтинчи қаватдан ўзини ташлаган.
Муҳаммад Ҳодиев