Эронда 16 яшар қиз кийими туфайли таъқибга учрагач, жонига қасд қилди

Олам

image

Эронда 16 ёшли Арезо Хавари рўмол ўрамагани ва ўқишдан четлаштириш таҳдиди туфайли мактаб раҳбарияти билан келишмовчиликдан сўнг ўз жонига қасд қилди. Бу ҳақда “IranWire” хабар берди.

Қайд этилишича, қиз олтинчи қаватдан ўзини ташлаган. Қизнинг отаси мактаб раҳбарияти ва директор устидан шикоят қилган. Арезо 5 ноябрь куни экскурция пайтида жинси шим кийгани учун директор ўринбосари томонидан танқидга учраган. Можарони юмшатиш учун қиз шимини алмаштирган. У дугоналари билан ўйнаб турган пайтда қисқа муддатга рўмолини ечган. Бу эса яна директор ўринбосарининг норозилигига сабаб бўлган.

Асли ағонистонлик Арезо мактабга киришда қийинчиликларга дуч келгани ҳам билдирилган.

“Арезонинг синфдошларидан бири шунчаки шарфини олиб ташлагани учун у кучли стрессни бошдан кечирганини айтди. Эронлик бўлмаган шахс сифатида мактабдан чиқариб юбориш таҳдиди уни жуда хавотирга солган. Сафар давомида у ҳаддан ташқари стрессдан қайта-қайта қусган”, дейилади хабарда.

Болалар ҳуқуқларига бўйича адвокат Ҳусайн Раисий ҳодиса оқибатида ҳалок бўлган қизнинг ҳуқуқлари топталганини айтган.

“Бу оддий ўз жонига қасд қилиш эмас. Бу ундаш. Болага хавф туғдирган, уларнинг ҳимоясини эътиборсиз қолдирган ёки бундай ҳаракатни рағбатлантирган ҳар бир киши жиноий жавобгарликка тортилади”, деган адвокат.

Синфдошларининг сўзларига кўра, Арезонинг онаси ва акаси уни қидиришни бошлаган, аммо мактаб ходимлари, шу жумладан директор ва директор ёрдамчиси, унинг қаердалиги ҳақида ҳеч қандай ташвишга тушмаган. Вақт ўтгач оилага шифохонадан қўнғироқ қилинган. Улар Арезонинг жонсиз танасини топишганини маълум қилган. Арезонинг дўстлари мактаб расмийлари илгари унга ёмон муносабатда бўлганини таъкидлашган. 

“Ўтган йили унга қувноқлиги, кўп кулгани ва жуда кўп дўстлари борлиги учун танбеҳ беришди. Улар унинг ҳижобини танқид қилишди ва дастлаб уни рўйхатдан ўтказишга қаршилик қилишди”, деди марҳуманинг дўстларидан бири.

Ота ҳолат юзасида полицияга мурожаат қилган.

Эслатиб ўтамиз, 2022 йилнинг 16 сентябрь куни Эронда ахлоқ полицияси томонидан нотўғри ҳижоб кийгани учун ҳибсга олинган 22 ёшли талаба Маҳса Амини вафот этганди. Унинг вафотидан сўнг мамлакатда норозилик намойишлари бошланди. Бутун мамлакат бўйлаб мисли кўрилмаган норозилик тўлқини кузатилди. Уч ой ичида митинг ва юришлар 157 та шаҳар ва аҳоли пунктларини қамраб олди. Уларнинг иштирокчилари демократик ўзгаришларга чақириб, ҳукумат томонидан амалга оширилаётган репрессияларни қоралади ва ҳибсга олинганларни озод қилишни талаб қилди. Жами 18,5 мингдан ортиқ киши ҳибсга олинди. Тартибсизликларни бостириш вақтида 507 нафар фаол ва 66 нафар хавфсизлик хизмати ходими ҳалок бўлганди.

Муҳаммад Ҳодиев


Мақола муаллифи

avatar

.

Теглар

Эрон Арезо Хавари

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг