Эронда ҳеч нарса ўзгармайди
Таҳлил
−
02 Июль
11950Ҳам ташқи, ҳам ички сиёсатда зиддиятларни бошдан кечираётган Эронга яқин кунларда янги президент раҳбарлик қила бошлайди. Яқин Шарқда тўқнашувлар давом этаётган бир паллада Исроилга ҳужум уюштирган ягона мамлакат – Эрон раҳбариятида ўзгариш бўлиши дунё оммавий ахборот воситалари диққат марказида турибди. Хўш, радикализмдан норозилар сони ортаётган, либералларга қарши шафқатсиз кураш олиб борилаётган Эронда янги президент ҳукумат тепасига келиши мамлакат ҳаётида ниманидир ўзгартира оладими?
Эронда бошқарув тартиби
Гарчи Президент сўзи “олдинда ўтирувчи” маъносини билдирса-да, Эрон учун президент лавозими нари борса бош вазирлик мақомига тенг. Чунки бу мамлакатда президентдан-да олдинроқда ўтирувчи шахс бор. У Эрон Олий раҳнамоси Али Хоманаийдир. Қуролли кучлардан тортиб суд тизимигача, давлат телевидениесидан тортиб бошқа муҳим стратегик аҳамиятга эга ташкилотларгача Олий раҳбар Али Хоманаийга бўйсунади.
Мамлакат Конституциясига кўра, Олий Раҳбар Эрон Ислом Республикасининг умумий сиёсатини белгилайди, қонун чиқарувчи, ижро этувчи ва суд ҳокимиятларини назорат қилади. Умрининг охиригача Олий раҳбар бўлиб қоладиган Хоманаий ҳатто, сайловларнинг қанчалик шаффоф тарзда ўтказилгани бўйича якуний қарорларни қабул қилади. Олий раҳбар шахси қонуний равишда “дахлсиз” ҳисобланади, эронликлар уни сўроқ қилишга ҳақли эмас. Уни сўроққа тутишга жазм этганлар ва ҳақоратлаганлар қаттиқ жазоланади.
Ўз тарихида Эрон Ислом Республикасида фақат иккита Олий раҳбар бўлган: 1979 йилдан то ўлгунигача (1989 йил) бу лавозимни эгаллаган Руҳуллоҳ Хумайний ва унинг вафотидан кейин 30 йилдан бери раҳбарликда қолаётган Али Хоманаий.
Эронда президент катта ваколатларга эга эмас. Президент расмий равишда Олий Раҳбарга бўйсунади. Президент Эрон конституциясида кўрсатилган вазифаларни бажаради, бу вазифалар элчилар ва вазирларни тайинлаш, миллий бюджетни режалаштириш, ижроия ҳокимиятини бошқариш функцияларини ўз ичига олади. Эроннинг икки томонлама сиёсий тизимидаги барча асосий сиёсатларда якуний сўз президент эмас, Хоманаийга тегишли.
Юқоридаги омилларни ва Эрондаги бошқарув тартибини ҳисобга олган ҳолда, Эронда янги президент иқтидорга келиши мамлакат ҳаётида унча кўп нарсаларни ўзгартирмаслигини олдиндан аниқ айтиш мумкин. Эрон аҳолиси ҳам бу фикрга қўшилади ва президентликка номзодлардан ислоҳот ва реформалар кутмайди.
“Al-Jazeera” нашрига интервью берган эронлик аёллардан бири яқинлашиб келаётган президентлик сайловида қатнашмаслигини билдирди.
“Мен сайловда овоз беришга боришни истамайман, чунки президент ҳеч нарса қила олмайди. Уларда аҳоли яшаш тарзини ўзгартириш учун нимадир қилишга ваколат йўқ. Эронда яшаш харажатлари жуда қиммат”, дейди эронлик аёл.
Президентлик сайлови ва номзодлар
28 июнь куни бўлиб ўтган президентлик сайловида қатнашган тўрт номзоднинг ҳеч бири 50 фоиздан кўпроқ овоз тўплай олмади, натижада 5 июль куни сайловнинг иккинчи тури бўлиб ўтиши белгиланди. Сайловчиларнинг 40 фоизи иштирок этиб, сайлаш ҳуқуқига эга 60 миллион кишидан 24 миллиони овоз берди. Бу Республика тарихида кузатилган энг паст кўрсаткичдир.
Дастлаб 6 киши президентликка номзод сифатида тасдиқланди. Улардан 5 нафари консерватор, 1 нафари ислоҳотлар тарафдори. Бироқ сайловгача 2 киши пойгадан чиқди.
Сайловнинг биринчи турида эса ислоҳотчи номзод Масъуд Пезешкиён ва консерватив номзод Саид Жалилий иккинчи турга чиқди. Пезешкиён 42,5 фоиз, Жалилий эса 38,6 фоиз овоз олган.
Реформатор сифатида кўрилаётган 69 ёшли кардиожарроҳ, ҳуқуқшунос ва собиқ Соғлиқни сақлаш вазири – Масъуд Пезешкиён мамлакатдаги якуний қарор қабул қилувчи Олий раҳбар Оятуллоҳ Али Хоманаийнинг ғарбга қарши кескин позициясини акс эттирувчи номзодларга қарши чиқмоқда. У аёллар ҳуқуқлари, ижтимоий эркинликларни қўллаб-қувватловчи, Ғарб билан эҳтиёткорона муносабатда бўлиш ва иқтисодий ислоҳотларни қўллаб-қувватловчи номзод сифатида ажралиб турибди.
Пазешкиян мажбурий ҳижоб ҳақида ҳам гапириб, 2022 йил охирида Маҳса Амини вафотидан сўнг киритилган Исломий дресс-код қонунини амалга ошириш тўғрисидаги қонун лойиҳасига қарши эканлигини билдирди. Саид Жалилий эса Эрон олий раҳбарининг Миллий хавфсизлик олий кенгашидаги вакили ҳисобланади.
Сўнгги президент Раисийнинг фаолият даври қандай кечди?
63 ёшида вафот этган Иброҳим Раисий қаттиққўл прокурорликдан муросасиз президент даражасига кўтарилган, мамлакатдаги энг йирик норозилик намойишларини бостирган ва дунё етакчилари билан ядровий музокараларни давом эттирган раҳбар сифатида эсда қолади.
У президент этиб сайланганидан бир йил ўтиб, Эронда аёлларнинг кийиниши ва юриш-туришини чекловчи "ҳижоб ва иффат қонуни"ни кучайтиришни буюрди. Бир неча ҳафта ичида эронлик ёш курд аёл Маҳса Амини ушбу қонунни бузганликда айбланиб, ахлоқ полицияси томонидан ҳибсга олинди ва ҳибсда вафот этди.
Маҳса Амини ўлими ортидан бошланган миллий норозилик намойишлари 1979 йилги Ислом инқилобидан кейин ўтказилган энг йирик намойиш бўлди. Намойишлар қаттиққўллик билан бостирилди. Маълумотларга кўра, унда юзлаб одамлар, жумладан, намойишчиларни бостиришда қатнашган ўнлаб хавфсизлик ходимлари ҳалок бўлган.
Раисийнинг президентлик даврида Теҳрон ва Вашингтон келишувини қайта тиклаш бўйича билвосита музокаралар тўхтаб қолди. У ядровий позицияни ва унинг ҳомийси, Ғарбга кескин қарши бўлган Олий раҳнамо Али Хоманаийнинг хавфсизлик чораларини тўлиқ қўллаб-қувватлаган.
Олий раҳбар Али Хоманаий бошқаруви
Саййид Али Ҳусайний Хоманаий 1939 йил 19 апрелда Машҳадда (Эрон) туғилган. Оммавий ахборот воситалари уни этник озарбайжон деб билади. Расмий веб-сайт маълумотларига кўра, Хоманаий Муҳаммад Ризо Паҳлавий ҳукмронлиги даврида олти марта ҳибсга олинган ва уч йил сургунда бўлган. Хоманаий 1980 йиллардаги Эрон-Ироқ уруши даврида Эрон етакчиларидан бирига айланган.
Али Хоманаий Эрон консерватив ҳаракати етакчиси саналади. Шу билан бирга, у мамлакатдаги илмий тараққиётга катта ҳисса қўшди. Хоманаий илдиз ҳужайралари ва терапевтик клонлаш бўйича тадқиқотларни маъқуллаган ислом руҳонийларининг илк аъзоларидан бири эди. Хоманаий атом энергетикасини ривожлантиришга катта эътибор берган. Унинг сўзларига кўра, нефть ва газ захиралари чексиз эмас. Эрон ядровий дастурига келсак, Хоманаий 2003 йилда оммавий қирғин қуролларининг барча турларини ишлаб чиқариш, тўплаш ва улардан фойдаланишни тақиқловчи фатво чиқарган.
Хоманаий ҳукмронлиги даврида мамлакатда катта норозилик намойишлари бўлиб ўтди, 1994 йилги Қазвин намойишлари, 1999 йилги талабалар норозиликлари, 2009 йилги президентлик сайловлари норозиликлари, 2011-2012 йилги норозилик намойишлари, 2017-2018 йиллар норозилик намойишлари, 2018-2019 умумий иш ташлашлар, 2019-2020 норозиликлар, 2021-22 намойишлар ва Маҳса Амини ўлими билан боғлиқ норозиликлар шулар жумласидандир.
Эрон матбуот эркинлиги бўғилган мамлакатлардан биридир. Мамлакат “Чегара билмас мухбирлар”нинг сўз эркинлиги бўйича индексида 180 мамлакат ичида 176 ўринда туради. Журналист, блогерлар ва бошқа жамоатчилик фаоллари Эронда Олий раҳнамо Хоманаийни ҳақорат қилганликлари учун, кўпинча куфрда айбланиб қамалган. Уларнинг баъзилари ҳибсда вафот этган.
Ташқи сиёсий масалада Хоманаий қатъий позицияга эга. Қўшма Штатларни кескин танқид қилиш Хоманаийнинг ҳар қандай оммавий чиқишлари ажралмас қисмидир. У Америка раҳбариятини Яқин Шарқдаги империалистик сиёсати, Исроилни қўллаб-қувватлагани ва Ироққа қарши агрессияси учун танқид қилади.
“Euronews” нашрининг ёзишича, Трампнинг Оқ уйга қайтиш эҳтимоли ортиб бораётгани Эрон раҳбари Али Хоманаийни бошқа янги “пиёда”га муҳтож қилиб қўйди. Ҳозирда Эрон жамияти кул остидаги чўғга ўхшайди – бир учқун уни яна алангалитиши мумкин. Аввалги аланга ҳали тўлиқ ўчирилгани йўқ, ҳукуматнинг тез орада ёқилғи нархини ошириш зарурати нотинчликни янада авж олдириши мумкин. Шуни айтиш жоизки, Эрон ички ва ташқи сиёсатида муҳим ўзгаришлар бўлиши учун янги президент сайланишининг ўзи камлик қилади.
LiveБарчаси