Эрон ва Озарбайжон ТИВ раҳбарлари элчихонага қилинган ҳужумни муҳокама қилди
Олам
−
28 Январь 2023
330827 январь куни Эрон ташқи ишлар вазири Ҳусайн Амир Абдуллоҳийян озарбайжонлик ҳамкасби Жейҳун Байрамов билан телефон орқали мулоқот қилиб, Озарбайжоннинг Теҳрондаги элчихонасига қилинган ҳужумдан икки давлат душманлари фойдаланганини билдирди. Бу ҳақда Озарбайжон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигига таяниб, “Media.az” хабар берди.
Шунингдек, Эрон ташқи ишлар вазири Озарбайжонга икки давлат хавфсизлик хизматлари ҳамкорликда тергов жараёнини олиб боришини таклиф қилган. Эрон Ташқи ишлар вазирлигига кўра, Байрамов бу ғояни қўллаган.
Амир Абдуллоҳийян ҳужумни қоралар экан, мазкур воқеа икки давлат муносабатларига салбий таъсир кўрсатишига йўл қўйиб бўлмаслигини таъкидлаган.
Ўз ўрнида Жейҳун Байрамов Дипломатик алоқалар тўғрисидаги Вена конвенциясига асосланиб, у Эрон томонига мезбон давлат элчихона биносини ҳар қандай ҳужумлардан ҳимоя қилишга ва унинг ходимлари хавфсизлигини таъминлашга мажбур эканлигини яна бир бор эслатган.
Озарбайжон вазири Эроннинг ваколатли органларидан террорчилик ҳаракатини содир этган шахсни зудлик билан жавобгарликка тортишни, ҳар томонлама тергов қилиш, ушбу жиноятни ташкил этиш ва содир этишда қатнашган бошқа иштирокчиларни аниқлаш ва жазолашни талаб қилган.
Эрон ташқи ишлар вазири марҳумнинг оила аъзолари, Озарбайжон раҳбарияти ва халқига ҳамдардлик билдирган. Унинг қайд этишича, Эроннинг тегишли органлари ушбу ҳодисага зудлик билан муносабат билдирган ва ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Қўлга олинган шахсга қурол олиб юриш ва дипломатни ўлдириш факти бўйича жиноий иш қўзғатилган, у энг оғир жазога тортилади. Таъкидланишича, элчихона ҳудуди учун масъул Эрон полиция органи фаолияти ҳам текширилмоқда. Эрон вазирининг сўзларига кўра, айни пайтда Озарбайжон элчихонаси ва унинг ходимлари хавфсизлиги энг юқори даражага кўтарилган.
Эслатиб ўтамиз, кеча, 27 январь куни соат 08:30 да Теҳронда Озарбайжон элчихонасига қуролли ҳужум уюштирилди. Ҳужум қилган шахс Калашников автомати билан қуролланган. Ҳодиса оқибатида хавфсизлик хизмати бошлиғи ҳалок бўлди, унинг икки ҳамкасби яраланди. Иккинчисининг ҳолати қониқарли деб баҳоланмоқда. Эрон полицияси Озарбайжон дипломатик ваколатхонасига уюштирилган ҳужумда гумонланувчининг ҳибсга олингани ҳақида хабар берди.
Шундан сўнг, Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев элчихонага уюштирилган қуролли ҳужумни қоралаб, уни террорчилик ҳаракати деб баҳолади. Озарбайжон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Айхан Ҳожизода эса Озарбайжон қуролли ҳужумдан кейин мамлакат элчихонаси ходимларини эвакуация қилмоқчилигини маълум қилган эди.
LiveБарчаси