Озарбайжон элчиларини Теҳрондан эвакуация қилмоқчи
Олам
−
27 Январь 2023
5493Озарбайжон Теҳрондаги дипломатик ваколатхонага уюштирилган қуролли ҳужумдан кейин мамлакат элчихонаси ходимларини эвакуация қилмоқчи. Бу ҳақда бугун, 27 январь куни республика Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Айхан Ҳожизода “TRT Haber” телеканалига берган интервьюсида маълум қилди.
“Озарбайжон мамлакатнинг Теҳрондаги элчихонаси хавфсизлигини таъминлаш чораларини кўрмоқда. Элчихона ходимларини Озарбайжонга эвакуация қилиш бўйича тегишли чоралар кўрилмоқда”, дейди Озарбайжон ТИВ расмий вакили.
Унинг таъкидлашича, Эрон мезбон давлат сифатида элчихона хавфсизлигини таъминлаши керак эди, аммо бу амалга ошмади. Шунинг учун Озарбайжон Эрон томондан тегишли чоралар кўришни талаб қилади.
Озарбайжон мазкур ҳолатга жавобгар шахсларни аниқлаш ва жазолаш учун тегишли халқаро механизмлардан фойдаланишини маълум қилган. Расмий Боку бундай ҳужумга яқинда Эронда ўтказилган Озарбайжонга қарши кампания сабаб бўлган деб ҳисобламоқда.
Шунингдек, Озарбайжон Ташқи ишлар вазирлиги ҳам ҳолат юзасидан расмий баёнот берди.
“Мамлакатнинг Эрондаги дипломатик ваколатхонасига таҳдид қилишга уринишлар аввал ҳам бўлган. Эронга бу каби ҳолатларга қарши чоралар кўриш, дипломатик миссия хавфсизлигини таъминлаш масаласи доимий равишда кўндаланг қўйилади. Афсуски, сўнгги террорчилик ҳужуми бизнинг қатъий мурожаатларимизга Эрон томонидан етарлича эътибор қаратилмаганини кўрсатади”, дейилади Озарбайжон ТИВ баёнотида.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Озарбайжоннинг Теҳрондаги элчихонасига ҳужум бўлгани, оқибатда 1 киши ҳалок бўлгани, яна 2 киши яралангани хабар берилганди.
Алибек Бейжанов
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь