Эрон ТИВ раҳбари инсониятга мурожаат қилди

Олам

image

Эрон Ташқи ишлар вазири Ҳусайн Абдуллоҳиён кеча, 4 апрель куни 1979 йилдан бери Рамазон ойининг охирги жума куни Эронда нишонланиб келинадиган Халқаро Қуддус куни муносабати билан инсониятга мурожаат қилди. Бу ҳақда вазирлик матбуот хизмати хабар берди.

Вазирга кўра, ушбу кунда инсоният тарихдаги энг даҳшатли жиноят ва геноциднинг гувоҳи бўлмоқда. 

"Қарийб олти ойдан бери Ғазо секторида давом этиб келаётган инсоният фожиаси – жафокаш Фаластин халқи ҳуқуқларининг поймол этилиши барчани қайғуга соляпти. Исроил режими – бу тупроқнинг ҳақиқий эгаси бўлмиш фаластинликлар ерининг босиб олиниши ҳамда халқаро ҳуқуқ нормаларининг қўпол равишда бузилиши, муқаддас замин эгаларига нисбатан куч ва турли халқаро жиноятларнинг қўлланишига жавобгардир", дея сўз бошлаган у.

Қайд этилишича, бугунги кунда нафақат эркак-аёллар, балки бегуноҳ ёш гўдаклар ҳам ушбу режим жиноятларининг қурбони бўлмоқда. 

"Шубҳасиз, сионистларнинг хатти-ҳаракатларини инсониятга қарши қаратилган ошкора жиноят, геноцид, апартеид ва этник қирғиннинг яққол намунаси дейиш мумкин", деган Абдуллоҳиён.

Исроил томонидан содир этилаётган Ғазо секторидаги қирғин ва турли ёвузликларнинг давом этиши, аксариятини аёллар ва мурғак болалар ташкил этадиган 33 минг нафар инсоннинг олти ой давомида ўлдирилиши, оч-наҳорларга юборилган инсонпарварлик ёрдамлари ва озиқ-овқат маҳсулотларининг сионистик режим томонидан тўхтатиб қўйилиши ва бошқа даҳшатли ҳолатларнинг охири кўринмаяпти.

"Синонистик режим томонидан Ғазо секторида давом этаётган қирғин ва геноцидга халқаро ҳамжамият, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Хавфсизлик Кенгаши, Халқаро суд эътиборини қаратиши ҳамда буни тўхтатиш учун тегишли чора кўриши керак", деган ТИВ раҳбари.

Шунингдек, у Ғазо секторидаги аёллар ҳамда болаларнинг ҳаётини сақлаб қолиш учун зудлик билан Рафаҳ ва бошқа чегара ўтиш пунктларини очиш зарурлигини айтган.


Мақола муаллифи

Теглар

Эрон

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг