Эрон Ташқи ишлар вазири Покистонга боради. Ярашув битими имзоланадими?
Олам
−
22 Январь
3573Эрон Ташқи ишлар вазири Ҳусайн Амир Абдуллоҳиён жорий йилнинг 29 январь куни Покистонга ташриф буюради. Бу ҳақда Покистон Ташқи ишлар вазирлиги маълум қилди.
Таъкидланишича, ташриф Покистон Ташқи ишлар вазири Жалил Аббос Жилоний таклифига биноан амалга оширилади.
Вазирлар икки томонлама муносабатларни муҳокама қилишлари кутилмоқда.
Матбуот хизматининг қўшимча қилишича, Эроннинг Исломободдаги элчиси, шунингдек, Покистоннинг Теҳрондаги дипломатик миссияси раҳбари 26 январдан ўз вазифаларига қайтади.
“Покистон ва Эрон Ислом Республикаси Ташқи ишлар вазирлари ўртасидаги телефон мулоқоти натижасида икки давлат элчилари 2024 йил 26 январга қадар ўз лавозимларига қайтишлари мумкинлиги тўғрисида келишувга эришилди”, дейилади хабарда.
Шунингдек, Жилоний Покистон Эрон билан ҳамкорлик қилишга тайёрлигини айтган. Покистон Миллий хавфсизлик қўмитаси Эрон билан дипломатик муносабатларни тўлиқ тиклашга қарор қилган.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 16 январь куни Эрон Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси Покистонда жойлашган “Жайш ал-Адл” гуруҳига ҳужум қилган эди. Покистон бу ҳужумни Теҳрон томонидан асоссиз қоидабузарлик, мамлакат суверенитетининг асоссиз ва қўпол равишда бузилиши, деб атади ҳамда ўз элчиси Муҳаммад Мудасир Типуни Теҳрондан чақириб олди. Эртаси куни Покистон Эронга қарши ҳужум уюштирди. Натижада 9 киши ҳалок бўлди ва Покистон қуролли кучлари юқори шай ҳолатга келтирилди.
LiveБарчаси