Эрон Президенти Москвага боради
Олам
−
05 Декабрь 2023
4047Эрон Президенти Иброҳим Раисий жорий йилнинг 7 декабрь куни Москвага боради. Бу ҳақда “Tasnim” агентлиги хабар берди.
Билдирилишича, ташриф Россия Президенти Владимир Путиннинг таклифига биноан амалга оширилади. Томонлар иқтисодий соҳадаги ҳамкорликни, шунингдек, минтақавий ва халқаро муаммоларни, хусусан, Фаластин масаласини ҳамда Ғазо секторидаги сўнгги воқеаларни муҳокама қилишни режалаштирган. Раисийга ҳамроҳлик қиладиган делегация таркиби ҳозирча ошкор этилмаган.
Маълумот учун, Россия ва Эрон Президентлари охирги марта 16 октябрь куни музокара ўтказган. Улар телефон орқали суҳбат чоғида Ғазо секторидаги вазиятни муҳокама қилган. Ўшанда Раисий Исроилнинг Ғазода содир этаётган жиноятларини тўхтатиш кераклигини айтган ва ҳозирги можаро кенг кўламли ҳарбий тўқнашувга айланиб кетиши мумкинлигидан огоҳлантирган.
Ўз навбатида, Россия раҳбари можаронинг минтақавий урушга айланиб кетиши эҳтимолидан жиддий хавотир билдириб, Москва Фаластин-Исроил можаросини тезроқ ҳал этиш учун барча конструктив фикрли томонлар билан ишлашга тайёрлигини айтган.
Эслатиб ўтамиз, Иброҳим Раисийнинг 28 ноябрь кунги Туркияга амалга ошириши керак бўлган ташрифи қолдирилганди. Эрон Ташқи ишлар вазири Ҳусайн Амир Абдуллоҳиён Президентнинг Туркияга сафари БМТ Хавфсизлик кенгашининг Ғазо секторидаги вазиятга бағишланган йиғилиши туфайли қолдирилганини айтди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь