Эрон Озарбайжонга қилинган ҳужумни текширишга ваъда берди

Олам

image

Эрон томони кеча, 5 март куни Нахичевонга қилинган ҳужумини жиддий текширишга ваъда берди. Бу ҳақда Озарбайжон Ташқи ишлар вазири Жайҳун Байрамов бугун, 6 март куни ўтказилган матбуот анжуманида маълум қилди.

Вазир Эрон текширув ўтқазишга ваъда берганини ва текширув натижаларини кутаётганини айтган.

“Кеча, 5 март куни Эрон Ташқи ишлар вазири билан телефон орқали суҳбат давомида ушбу масалани жиддий муҳокама қилдик. Эрон томони содир бўлган воқеани пухта текширишга ваъда берди ва биз текширув натижаларини кутмоқдамиз”, деган Байрамов.

Вазирнинг айтишича, кеча содир бўлган дрон ҳужуми билан боғлиқ ҳолда давлат раҳбари томонидан тегишли топшириқлар берилган.

“Ушбу ҳодиса бўйича аллақачон дипломатик қадамлар қўйилди: норозилик нотаси юборилди, мавқедошим билан телефон орқали суҳбатлашдик. Эрон томони бошлаган текширув умумий жараённинг бир қисми ҳисобланади. Озарбайжон хавфсизлиги давлат раҳбарининг қатъий назорати остида”, деган Байрамов.

Эроннинг Озарбайжонга ҳужуми

Бугун, 5 март куни Эрон ракетаси Озарбайжоннинг Нахичевон Мухтор Республикаси ҳудудидаги аэропортга қулаб тушди.

Нахичевон Озарбайжоннинг Эрон, Туркия ва Арманистон билан чегарадош эксклави бўлиб, Жанубий Кавказда стратегик жиҳатдан муҳим ҳудуд ҳисобланади. Агар бу ҳодиса тасдиқланса, минтақавий хавфсизлик ва сиёсий вазиятга сезиларли таъсир кўрсатиши мумкин.  

Мазкур воқеадан сўнг, Озарбайжон Ташқи ишлар вазирлиги баёнот берди. Унда битта дрон Нахичевон халқаро аэропортининг терминал биносига зарба берган, яна бошқа бир дрон эса Шакаробод қишлоғидаги мактаб биноси яқинига тушган. Ҳудуддаги мактаб ўқувчилар ва ўқитувчилари эса эвакуация қилинган. 

Мазкур воқеадан сўнг Эрон Ислом Республикасининг Озарбайжондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Мужтабо Демирчилу Ташқи ишлар вазирлигига чақирилган, у ерда Эрон томонига кескин норозилик билдирилган ва тегишли норозилик нотаси топширилган.

Озарбайжон Мудофаа вазирлиги Эроннинг Нахичевон Мухтор Республикасидаги аэропортга қилган ҳужуми жавобсиз қолмаслигини билдирган.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов Озарбайжон Республикаси Ташқи ишлар вазири Жайҳун Байрамов билан телефон орқали мулоқот қилиб, ҳужумдан жиддий хавотир билдирган.

Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев Эроннинг Нахичевонга қилган ҳужумини террористик деб атади ва бунинг учун узр сўраши кераклигини айтган. Шунингдек, у Эроннинг Нахечивонга қилган ҳужумуни “нонкўрлик” сифатида баҳолаб, бу тажовузга “темир мушт” билан жавоб қайтаришини билдирди.

Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған Эроннинг Озарбайжонга қилган ҳужумларини қатъий қоралаган


Мақола муаллифи

Теглар

Эрон Озарбайжон ҳужум

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг